Россияда террористик ташкилотга қўшилишга уринган 2 нафар ўзбекистонлик қамалди

Россия жанубидаги Ростов-Дон шаҳри суди 2 нафар ўзбекистонликни террористик ташкилотга қўшилишга урингани учун озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Interfax» хабар берди.

Жанубий ҳарбий округ суди
Фото: Yandex

Маълум қилинишича, фуқаролар — Феруз Ҳабибов ва Жасур Маҳмудовлар Россияда тақиқланган «Жабҳат ан-Нусра» террористик ташкилотига қўшилишга урингани учун мос равишда 9 ва 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Аниқланишича, 2019 йилда судланувчилар Симферополь шаҳрида бўлган пайтида террористик ташкилот сафига қўшилишга ва ташкилотнинг Суриядаги фаолиятида иштирок этишга рози бўлган.

Иш материалларига кўра, Ҳабибов 2019 йил 1 августдан 2020 йил мартигача дўстини «Жабҳат ан-Нусра» фаолиятида иштирок этиш учун Сурияга кетишга кўндирган. 2020 йил март ойида Симферополда шериклар камуфляж форма ва дори-дармонларни, шунингдек, Краснодардан Тбилисига (Грузия) автобусга ва Тбилисидан Истанбулга (Туркия) самолёт чипталарини кейинчалик Сурияга учиш учун сотиб олган.

Кейинчалик улар 2020 йил 26 мартда Қримда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олинган. Маълум қилинишича, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган ва томонлар апелляция судига мурожаат қилиши мумкин.

Аввалроқ Россиянинг Хабаровск шаҳрида теракт уюштиришни режалаштирган эркак қўлга олинган эди. «WarGonzo» Telegram каналининг хабар беришича, жангарининг Ўзбекистон фуқароси эканлиги аниқланган.

Янгиликлар