Хорижий ва нодавлат ОТМларга давлат буюртмаси шакллантириш тартиби белгиланди

Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси параметрларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда давлат буюртмаси параметрларини шакллантириш, уни молиялаштириш, талабгорнинг кадрлар буюртмачиси тизимида ишлашини ташкил этиш тартиби назарда тутилган.

Кадрлар буюртмачилари ўзларининг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили 15 январга қадар ўз тизимлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича буюртмаларни таълим ташкилотлари ва йўналишлари кесимида шакллантиради ҳамда 20 январга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги шакллантирилган давлат буюртмаси параметрларини 30 майга қадар ўрганиб чиқиш ва келгусида тасдиқланиши учун Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига киритади. Таълим ташкилоти кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилингандан кейин 20 кун муддатда тасдиқланган давлат буюртмаси доирасида кадрлар тайёрлаш учун кадрлар буюртмачиларига талабгорларни саралаш ва шартнома тузиш ҳақида ёзма хабар беради.

Таълим ташкилоти кадрлар буюртмачилари томонидан тақдим этилган буюртма доирасида кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаганларга ўқишни тамомлагандан сўнг кадрлар буюртмачиси тизимида 5 йилдан кам бўлмаган муддат давомида ишлаб бериш шарти билан ўқитиш харажатларини қоплаб беради. Талабгорларни ўқитиш харажатлари учун маблағлар кадрлар буюртмачиларига ҳар йили республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида ажратилади.

Янгиликлар