Бухорода Nexia йўл четида кетаётган болаларни уриб юборди

Бухоро вилоятида Қоракўл туманида Nexia ҳайдовчиси уч кишини уриб юборди.

Қайд этилишича, 23 ноябрь куни соат 16:30 ларда туман ҳудудидан ўтувчи 4Р-76 автомобиль йўлининг 1-километрида жойлашган 15-мактаб яқинида 23 ёшли З.М. Nexia-2 русумли автомобилда тезликни меъёридан ошириб ҳаракатланаётган вақтда пиёдалар ўтиш жойидан велосипедни еталаб ўтаётган фуқаронинг велосипедини уриб юборган. Шунингдек, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, пиёдалар йўлакчасида кетаётган икки нафар болани уриб юборган ҳамда автомобиль ағдарилган.

ЙТҲ оқибатида пиёдалардан бири бўлган 9 ёшли У.У. тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Қоракўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.