Ғазо секторида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги вақтинчалик сулҳ кучга кирди

Ғазо секторида тўрт кунга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни назарда тутувчи Исроил — ҲАМАС келишуви 24 ноябрь куни эрталаб маҳаллий вақт билан соат 7:00 да (Тошкент вақти билан 10:00) кучга кирди.

Хабарга кўра, музокаралардан бир неча соат олдин Ғазо сектори билан чегарадош Исроил шаҳарларида ракета ҳужумидан огоҳлантирувчи тревога янграган. Исроил мудофаа кучлари эса Ғазога интенсив ҳужумлар уюштирган.

Келишув кучга кирганидан 15 дақиқа ўтгач, Ғазо сектори яқинидаги аҳоли пунктларига яна ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш берилди, деди Исроил мудофаа кучлари.

«Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув Ғазо секторининг шимоли ва жанубида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни назарда тутади», — дейилганди музокараларда иштирок этган Қатар Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Келишув доирасида Ғазода гаровга олинган биринчи 13 нафар исроиллик, сўнгра Исроил қамоқхоналаридаги 39 нафар фаластинлик маҳбуслар озод этилиши кутилмоқда. Бундан ташқари Ғазо секторига гуманитар юклар келишни бошлайди.

Тўрт кунлик сулҳ давомида гаровга олинган жами 50 нафар исроиллик аёл ва болалар озод этилиши кутилмоқда. Бунга жавобан Исроил ҳукумати 150 нафар фаластинлик маҳбусни — асосан аёллар ва ўсмирларни (уларнинг баъзилари қотилликка уринишда айбланган) озод қилмоқчи.

Исроил гаровга олинган ҳар 10 киши учун сулҳ битимини яна бир кунга узайтиришга тайёр, дейилади хабарда.

Фаластин — Исроил можароси 7 октябрь куни бошланган. Ҳужумларда Исроил томонидан 1 200 дан ортиқ одам, Ғазода эса 14 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Янгиликлар