Ўзбекистон энергетика соҳасига кейинги 8 йил ичида 18 млрд доллар сармоя кераклиги айтилди

Энергетика вазирлиги Электроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича бошқарма директори ўринбосари Баҳром Умарбеков Ўзбекистон энергетика соҳасига кейинги 8 йил ичида 18 миллиард доллар сармоя кераклигини айтди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, 18 миллиард доллар сармоянинг учдан икки қисмига келгуси беш йил ичида эҳтиёж бор. Электр энергияси ва газ тақчиллигининг олдини олиш учун мамлакатга инвестициялар керак ҳисобланади. Қайд этилишича, бу маблағни жалб этиш учун иккита вариант мавжуд. Биринчиси давлат қарзи ҳисобига, лекин ҳозир бунинг иложи йўқлиги таъкидланган. Иккинчи вариант эса молиялаштиришни жалб қилган ҳолда эркин бозорни ташкил қилиш саналади.

«Агар бу соҳа давлат қарзи ҳисобидан молиялаштирилса, бу бошқа соҳаларга давлат қарзи жалб қилишни имконсиз қилиб қўяди. Биз фақат бозорларни (эркин бозорларни — таҳририят) яратишимиз керак, бозорлар эса жуда яхши», — деган Умарбеков.

Маълумот ўрнида, Тошкентда 23–24 июнь кунлари Энергетика вазирлиги томонидан илк бор ташкил этилган Ўзбекистон энергетика форуми — UEF 2022 бўлиб ўтди. Унда 60 нафардан ортиқ маърузачилар, 12 мамлакатдан 400 нафардан ортиқ делегатлар иштирок этди. Улар орасида Озарбайжон, Британия, Германия, Италия, Қозоғистон, БАА, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Ўзбекистон, Франция, Япония вакиллари бор.

Янгиликлар