Ўзбекистондаги мактабларда янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш таклиф этилди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг Telegram каналида Ўзбекистонда мактаблар 14 сентябрдан бошланиши мумкинлигини маълум қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда 3 та сценарий бўйича ишланаётган эди:

  • анъанавий мактабни очиш;
  • онлайн мактаб орқали ўқитиш;
  • аралаш (гибрид) сценарий — ҳам анъанавий, ҳам онлайн.

Telegram орқали деярли 1 миллион фойдаланувчи қатнашган сўровномада 70 фоиз ота-она бола соғлиғидан хавотирда бўлиб, уйда ўзи онлайн ўқитиши мумкинлиги, 30 фоизи эса пандемия шароитида ҳам фарзандини мактабга юборишини билдирган.

«Шунинг учун, аҳолининг кўпроқ қатламини рози қилишни инобатга олиб, фақат 3-сценарий, яъни ота-оналарнинг ўзларига танлаш ҳуқуқини бериш энг оптимал вариант бўлиб турибди.

Бир томондан, интернетда баъзи давлатларда мактаблар очилиб, касаллик кўпайиши натижасида қайтадан ёпилгани, болалар ўзи кучли касалланмаса-да, катталарга қараганда кучлироқ вирус ташувчиси бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқаляпти.

Иккинчи томондан, бу вирусдан яқин орада қутилмаслигимизни, вакцина ишлаб чиқилган тақдирда ҳам уни барча хавфсизлик синовларидан ўтказишга ва ишлаб чиқариб, бизга етиб келишига анча вақт кетиши ҳам аниқ. Шунга, ушбу вақт даврида фарзандларимиз билим олишдан орқада қолиб кетмасликлари зарур», — деб ёзади Шерзод Шерматов.

Карантин қоидаларининг юмшатилиши касаллик ҳолатларининг ортишига олиб келиши мумкин. Уларни даволашга эса қўшимча вақт талаб этилади. Шунинг учун, ўқиш бошланишидан аввал уларни даволаб, камайтириш кераклигини инобатга олиб 2020/2021 ўқув йилини 14 сентябрь, душанба кунидан бошлаш таклифи киритилди.

Шунингдек, бир ҳафта олдин синов тариқасида вирус тарқалмаган, хавфсиз ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни очиш ҳам режалаштирилган. Мактабга ўқувчиларнинг бир вақтда келмаслиги, кираётганда иситмаси ўлчаниши, барча дарслар бир синф хонасида ўтилиши, танаффусда синф ҳавоси шамоллатилиши ишлаб чиқилиб, жойлардаги барча мактабларда ижросини таъминлаш чоралари кўрилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда давлат мактаблари ва боғчаларининг очилишига тайёргарлик кўрилаётганлиги маълум қилинганди.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги мактаблар қачон очилиши маълум бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этгани, шунингдек, Ўзбекистонда 15 августдан нодавлат мактаблар ва боғчалар фаолиятига рухсат берилгани ҳақида хабар берилганди.