Расул Кушербаев: «Масъул раҳбарлар халқнинг мурожаатларини ‘копток’ қилиши керак эмас»

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Tez News»га берган интервьюсида порталларга келиб тушаётган мурожаатларнинг ижроси масаласига тўхталиб ўтди.

Депутатнинг фикрича, аҳоли орасидаги «У раҳбар қаерга қараяпти, бу раҳбар қаерга қараяпти?» каби саволлар фақатгина вақтнинг йўқотилишига олиб келади.

«Ҳозирги кунда мурожаатнинг ечими ўзининг ваколатида бўлган юқори органлар ўзларидан масалани соқит қилиб, қуйига тушириб юборяпти. Ваҳоланки, бу масалани ҳал қилиш, аслида унинг ваколатида. Бу — ёмон тенденция. Масъуллар ҳар бир мурожаатга, бунинг тагида бир инсоннинг тақдири турибди, деб ёндашишса, унга параллел равишда одамлар ҳам қайси раҳбарга қандай масалада мурожаат қилиш кераклигини англаб етишса, бу муаммолар секин-аста ечилиб бораверади. Баъзи ҳолатларда одамлар раҳбарлардан масаланинг ечими уларнинг ваколатида бўлмаган ҳолатлари ҳал этилишни талаб қилишади», — деди Расул Кушербаев.

Кадр: YouTube

Кушербаев мурожаатлар бўйича келиб чиқаётган муаммоларда одамлар эмас, биринчи навбатда, масъул раҳбарлар айбдор эканлигини таъкидлади.

«Одамларда айб йўқ. Биринчи навбатда, ҳамма айб масъулларда. Раҳбарлар халқнинг мурожаатини ‘копток’ қилиши керак эмас. Унинг муддатини инобатга олмасдан, юзаки равишда жавоб бериб қўйсам бўлди, деган принципдан кечиш керак. Мурожаатларни фақат ҳал қилиб қутулиш мумкин, одамларни алдаб эмас», — дея таъкидлади депутат.

Шунингдек, Расул Кушербаев мурожаатлар масаласида, биринчи ўринда, масъул раҳбарлар билaн ишлаш кераклигини айтиб ўтди.

«Раҳбар оддий фуқародан бир неча баробар салоҳиятли бўлгани учун давлат ишониб уни шу лавозимга тайинлагани учун масъулият, аввало, унинг бўйнида. Биринчи қадамни, намуна бўлишни улар бошлаши керак», — деди Кушербаев.

Расул Кушербаевга кўра, халқ билан мулоқот қилишнинг 10 йил аввалги усули ҳозирги ҳолатга тўғри келмайди.

«Одамларнинг дунёқараши, уларнинг ахборот олиш кўлами ўзгаряпти. Улар билан муомалада бўлиш, халқ билан мулоқотда бўлиш бўйича услублар ўзгаряптими, йўқми? Мана, масала қаерда», — дея тушунтирда депутат.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Расул Кушербаев «UzAuto Motors» иши юзасидан компаниянинг бирорта вакили ҳам қатнашмаётганлиги жуда ғалати эканлиги ҳақида гапирганди.

Янгиликлар