Ўзбекистонда тез ёрдам хизматидаги шифокорларнинг қанчаси олий маълумотли эканлиги маълум бўлди

Ўзбекистонда тез ёрдам хизматидаги шифокорларнинг 4 мингдан ортиғи олий маълумотли эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов маълумот берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги 13 минг нафарга яқин шифокор бўлиб, улардан тез ёрдам хизматидаги 4342 нафари юқори малака тоифасига эга, 2156 нафари 10–20 йиллик, 2006 нафари эса 20 йилдан ортиқ стажга эга ходимлардир. Шунингдек, республика тез тиббий ёрдам хизмати тизимида 28 минг нафарга яқин ўрта тиббиёт ходимлари ишлаётган бўлса, уларнинг 38,7 фоизи малака тоифасига эга. Уларнинг 5984 нафари 5–10 йиллик, 5845 нафари 10–20 йиллик ҳамда 4383 нафари 20 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимовнинг айтишича, жойлашуви бўйича 1500 га яқин бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тез ёрдам машиналари мавжуд. Бугунги кунда фаолият юритаётган сайёр бригадаларнинг сони 2748 тани ташкил этган.

«Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тез тиббий ёрдам хизматининг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси республика бўйича ўртача 89 фоизга кўтарилди. Жумладан, Самарқанд ва Наманган вилоятларида бу кўрсаткич 90 фоиздан ошган. Хизматнинг ўрта тиббиёт ходимлари билан таъминланганлик даражаси эса республика бўйича ўртача 97 фоизга етди. Шундан 11 та ҳудудда ушбу кўрсаткич 100 фоизни ташкил қилмоқда», — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов.

Маълумот ўрнида, юқоридаги ишлар Президентнинг 2018 йил 25 январдаги «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда тез ёрдамга жалб қилинган автомобиллар сони маълум қилинганди.

Янгиликлар