Ўзбекистонда тез ёрдамга жалб қилинган автомобиллар сони маълум қилинди

Ўзбекистонда 2020 йилда тез тиббий ёрдам учун 2746 та махсус автомобиль ажратилган. Бу кўрсатгич 2019 йилда 2403 тани ташкил қилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабар қилинишича, ҳар 13 минг аҳолига битта махсус тез ёрдам машинаси хизмат кўрсатмоқда. Бу борада ривожланган давлатлардаги кўрсатгич 20-25 минг кишига 1та махсус автотранспорт воситаси тўғри келади.

Таъкидланишича, мамлакат бўйлаб тез ёрдам хизматининг рация алоқаси, телефон ва планшет билан таъминланиш даражаси ҳам ошиб бормоқда. Барча тез ёрдам машиналарида алоқани, чақириқлар учун машинани тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизимини йўлга қўйишга ҳам эътибор берилмоқда. Шунингдек, ушбу автотранспорт воситаларининг аксарияти сунъий нафас бериш, ЭКГ аппаратлари, механик сўрғич, дефибриллятор, иммобилизация шиналари билан таъминланган.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда бу хизматни молиялаштириш ҳажми ортиб бормоқда. Жумладан, 2019 йилда «103» хизматига дори-дармон учун 26 миллиард 580 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 75 миллиард 387 миллион сўмдан зиёдни ташкил этган.

Ҳозирда ҳар бир чақириқ вақтида дори-дармон учун минимал харажатлар 5000 сўм миқдорида белгиланган. Бу кўрсаткич 2016 йилда 748 сўмни, 2017 йилда 1627 сўмни ташкил этган.

Аввалроқ Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва Ўзбекистон учинчи босқич синовларида ижобий натижа кўрсатган вакцинани харид қилиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар