Ўзбекистон учинчи босқич синовларида ижобий натижа кўрсатган вакцинани харид қилади — ССВ

Ўзбекистон учинчи босқич синовларида ижобий натижа кўрсатган вакцинанигина харид қилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Liter»

Таъкидланишича, Ўзбекистонда COVID-19’га қарши Хитойнинг «Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компания вакцинаси ва Россияда ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинасининг 3-босқич клиник тадқиқотлари ўтказилиши режалаштирилган.

Бунда вакциналарнинг хавфсизлик кўрсаткичларини баҳолаш, уларнинг инфекцияни олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш асосий вазифа қилиб белгиланган. Шунингдек, «Sinopharm group» компанияси билан ҳам ушбу йўналишда иш олиб борилган.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган Россияда ишлаб чиқарилган вакцинани Ўзбекистонга олиб келиш ва аҳолига етказиш ваколати ягона хусусий ширкатга берилгани ҳақида билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳақиқатга зид. Чунки COVID-19 инфекциясига қарши вакцина харид қилиш ва ундан фойдаланиш масалалари бутун жаҳонда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам клиник тадқиқотларнинг 3-босқичи натижаларига кўра белгиланади.

Бирор мамлакатнинг вакцинаси ижобий кўрсаткичлар қайд этгани илмий исботлансагина, уни харид қилиш, сотиб олинган вакцинани сақлаш ва ташиш билан боғлиқ масалалар тегишли мезонлар асосида кўриб чиқилади» дейилади хабарда.

Бундан ташқари, БМТ билан ҳамкорликда COVAX’га аъзо давлатлар қаторида Ўзбекистонга жаҳонда олиб борилаётган клиник тадқиқотлар асосида самараси ижобий баҳоланган коронавирусга қарши вакциналарни етказиб бериш бўйича музокаралар ҳам олиб борилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинаси синовлари қачон бошланиши маълум қилинганди. Шунингдек, Россия саноат ва савдо вазири «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонга олиб келгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар