Ўзбекистонда 15 йил стажга эга педагоглар ипотека кредитининг 25% тўлаб берилади
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев барча муаллимларни табриклаб, тантанали равишда мукофотлар топширди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 сентябрдаги фармонига мувофиқ, таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Улар орасида ўз маблағи ҳисобидан мактаблар қурган сахий тадбиркорлар, таълимдаги илғор ютуқларни жорий қилишга кўмаклашаётган хорижий ҳамкорлар ҳам бор.
Маросимда ана шу мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Мен кўплаб соҳа вакилларига унвон, орден ва медаллар бераман. Лекин устозлар мукофотланадиган кунни соғиниб кутаман. Кўксингизни безаб турган орден-медаллар муборак бўлсин. Юртимизда юксак мукофотларга муносиб фидойи муаллимлар кўпайсин, – деди Президент.
Шундан сўнг соҳани ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича мулоқот бўлиб ўтди. Унда видеоалоқа орқали бутун республикамиздан 40 мингдан зиёд устоз ва мураббийлар қатнашди.
Президент устоз ва мураббийларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича ҳам қатор ташаббусларни билдирди.
Энди янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади. Келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг шартномаси суммасига 30 фоиз чегирма берилади, — деб билдирилди.
Ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит берилади. Келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади.
Фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади.
Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади. Дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади.