Тошкентда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди, собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқа айбланувчиларга (жами 62 киши) ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Суд ҳукмига кўра А. Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Унга нисбатан етказилган моддий зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганлиги сабабли 3 йил муддатга бошқарув тизими, раҳбарлик ва мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган тарзда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида жарима ва ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Таъкидланишича, Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган. Шу боис, суднинг ҳукми билан жиноят бўйича етказилган зарар суд жараёни давомида тўлиқ қопланганлиги сабабли А. Воитовга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, депозит ҳисоб рақамига тўланган пуллар давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган.

Шунингдек, Х. Каримовга (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Қолган 60 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда тегишли жазолар, хусусан, 9 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 51 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Ўзбекистон