Ўзбекистонда 9-11 синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳони жорий этилади
Ўзбекистон мактабларида имтиҳонларни ўтказишнинг ягона тизими жорий этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида ўқитувчилар ва устозлар билан учрашувда маълум қилди.
Халқимизнинг келажаги мактабдан бошланади. Чунки фарзандларимизга билим ва тарбия беришнинг энг узоқ давом этадиган, керак бўлса, ҳал қилувчи босқичи бу – мактаб таълимидир, — деди Президент.
Ҳозирда мактабларда 6,5 миллион ўқувчи таълим оляпти. Бу йил мактабларни 400 мингга яқин ўқувчи битирган бўлса, 1-синфларга 720 минг бола қабул қилинди. Шу боис, сўнгги саккиз йилда 500 га яқин янги мактаблар қурилгани, мавжудларининг кенгайгани ҳисобига 1 миллион ўқувчи ўрни яратилди.
Шунингдек, хусусий мактабларда катта шароит яратилгани натижасида, бугун 200 мингдан зиёд ўғил-қизлар хусусий мактабларда ўқияпти.
Мактаб таълимида яна бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилиши таъкидланди.
Янги ўқув йилидан бошлаб мактаб даврида ўқувчиларнинг қобилиятига қараб, касб ёки олий таълимга йўналтириш учун 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилинади, — деб таъкидланди.
Шу орқали 400 мингга яқин 9-синф битирувчилари техникумларга қамраб олинади. Ўқишни мактабда давом эттириб, олийгоҳга кириш истагида бўлган ёшларга фанлар танлов асосида чуқурлаштириб ўтилади.
Мактабдаги якуний имтиҳон натижалари билан битирувчилар хоҳласа техникумга, истаса олийгоҳга кира оладиган бўлади.