Шавкат Мирзиёев «Ренессанс» болалар оромгоҳига ташриф буюрди
Президент Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташриф буюриб, «Ренессанс» болалар соғломлаштириш оромгоҳида яратилган шароитлар билан танишди.
Мазкур «Ренессанс» оромгоҳида, ёшлар йил давомида 3 ҳафталик интенсив ўқув курсларда ўқитилади. Яхши натижа кўрсатган 40 нафари «Печак лигаси» университетларига тажриба алмашиш учун юборилади.
Қайд этилишича, Оромгоҳ 500 га яқин ўқувчини қабул қилиш қувватига эга. Маъмурият, ўқув бинолари ва ётоқхонада замонавий шароитлар яратилган. Меҳмонхона, ошхона ҳамда автотураргоҳлар ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайлик саналади.
Ёзда ўтказилган семинарларда фан олимпиадалари ғолиблари, хорижий тил сертификатига эга ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари иштирок этди. Бу тенг имкониятлардан фойдаланган ўғил-қизлар билимини ошириб, келажагига мустаҳкам замин яратди, — деб таъкидланди.
Президент оромгоҳ хоналаридаги шароитларни, ёшларнинг ихтироларини кўздан кечирди. STEAM хоналари, самолёт бошқаруви симулятори, табиий фанлар лабораториялари болаларнинг қизиқишларини амалий кўникмаларга айлантириши айтилди. Улар кутубхонада билимини, спорт майдончаларида саломатлигини мустаҳкамлаб, санъат бурчагида санъат, адабиёт йўналишидаги машғулотлар билан банд бўлади.
Ўзбекистон ёшларининг салоҳияти, ғайрат-шижоати, интилиши кучли. Биз давлат бўлиб, миллат бўлиб, сифатли таълимни таъминласак, фарзандларимизга ҳеч ким бас келолмайди, улар ҳамма соҳада етакчи бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда Ал-Хоразмий университети кампуси лойиҳаси тақдимот қилинди. Лойиҳани самарали амалга ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.