Нима пандемиянинг авж олишига сабаб бўлади? ССВ жавоб берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда пандемия даврида қилинган ишлар юзасидан баёнот бериб, нима пандемиянинг яна авж олишига сабаб бўлишини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, пандемиянинг юқори чўққисида мамлакатда эҳтиёт чораси сифатида жами 159 та муассасада 25 200 шифо ўрни, шу жумладан, 2500 реанимацион ўрин ташкил этилди. Шунингдек, қўшимча равишда 58 та йирик бино-иншоотини мослаштириш орқали яна 15 минг, шундан 1225 реанимация ўринлари ташкил этилди.

Таъкидланишича, дунёда инфекция тарқалиши хавфли даражада турган бўлса-да, Ўзбекистонда касаллик нисбатан жиловланган. Сўнгги ойлар мобайнида мамлакатда инфекция тарқалишининг бироз барқарорлашиши сабабли коронавирусга мослаштирилган 159 та муассасадан 107 таси ўз йўналиши бўйича одатий фаолиятини бошлади, 23 таси эса консервация қилинди.

«Aммо бу ‘энди бизда коронавирус хавфи йўқ’, дейишга асос бўлмайди. Aйни пайтда юртимиздаги CОVID-19 шифохоналарида касалликни айрим симптомлари мавжуд бўлиб, гумон қилинган, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлардан ташқари 2 минг нафардан ортиқ коронавирусдан даволанаётганларни ҳам унутмаслигимиз керак.

Ҳар бир фуқаро ўз соғлиғи учун шахсан жавобгарликни ҳис қилиши, пандемия тартиб-қоидаларига риоя этишни кундалик одатга айлантириши лозим. Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги пандемиянинг мамлакатимизда яна авж олмаслиги, энг аввало, ўзимизга боғлиқ эканини эслатиб ўтади. Шу сабабдан ҳам барчангиздан коронавирус хавфининг олдини олишда шахсий жавобгарлик ҳис қилишингизни, тиббий ниқоблардан санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда фойдаланишни бир зум ҳам унутмаслигингизни сўраб қолади», — дейилади хабарда.

Aввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон учинчи босқич синовларида ижобий натижа кўрсатган вакцинани харид қилишини маълум қилган. Шунингдек, Россия саноат ва савдо вазири «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонга олиб келгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар