Ўзбекистон Россияга коронавирус вакцинасини биргаликда ишлаб чиқаришни таклиф қилди
Ўзбекистон 4 декабрь куни Россияга коронавирусга қарши вакцинани биргаликда ишлаб чиқаришни таклиф қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.
Таъкидланишича, Россияга Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги «Tashkent Pharma Park» илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида COVID-19’га қарши вакциналар ишлаб чиқариш таклиф этилган. Ушбу таклифни Россия томонига 4 декабрь куни давра суҳбатида Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев киритган.
Қайд этилишича, 43,75 гектар майдонда «Tashkent Pharma Park» қурилиши январь ойи охирида бошланган. Кластер таркибига фармацевтика техника университети, шунингдек, ўзининг инфратузилмаси бўлган саноат зонаси киради. 2020–2024 йилларда 191 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Лойиҳанинг қиймати 53 миллион долларни, ишлаб чиқариш қуввати 120 миллион донани ташкил қилган. Ҳозирги вақтда иммунобиологик вакциналар импортининг улуши 92 фоизни ташкил этган.
Аввалроқ Россия саноат ва савдо вазири «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонга олиб келгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон учинчи босқич синовларида ижобий натижа кўрсатган вакцинани харид қилиши ҳақида хабар берилган.