Андижон шаҳар ҳокимининг фуқарога ер бериш ҳақидаги ноқонуний қарори бекор қилинди

Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровнинг ноқонуний қарорлари бекор қилинди. Бу ҳақда Андижон шаҳар адлия бўлими ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Андижон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Андижон шаҳар адлия бўлими 2020 йилнинг 5 октябрида ижтимоий тармоқларда «Андижон шаҳар ҳокимлиги чиқараётган қарорлар қанчалик қонуний?» номли мақолани ўрганиб чиққан.

Хусусан, мақолада Андижон шаҳар ҳокими 2020 йил 11 сентябрда  Андижон шаҳар 2-тор Х.Ниёзий кўчаси 5-уйда яшовчи  фуқаро Рўзиев Мансурбекка 6-тор Х.Ниёзий кўчаси 14-майдон 200 квадрат метрдан иборат ер майдонини якка тартибда уй-жой қуриш учун амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда ажратиб бергани кўрсатилган.

Ўрганиш давомида, Андижон шаҳар ҳокими  Ер кодексининг 7-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги 63-сон қарори билан тасдиқланган «Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларини бузгани маълум бўлган. У 2020 йил 11 сентябрда фуқаро Рўзиев Мансурбекга шаҳар ҳокимлиги захирасида бўлган 200 квадрат метрли ерни якка тартибда уй-жой қуриш учун аукционсиз ажратиб берган. Ушбу ҳолат бўйича шаҳар ҳокимининг қарорига нисбатан протест келтириш учун Андижон шаҳар прокуратурасига 2020 йил 8 октябрь куни таклиф киритилган.

Шундан сўнг Андижон шаҳар прокуратураси адлия бўлими таклифини кўриб чиқиб, ҳокимликка 2020 йил 13 октябрда протест киритган. Бундан ташқари Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан шаҳар ҳокими номига юқоридаги қарорни бекор қилишни сўраб 2020 йил 12 октябрда тақдимнома киритилган.

Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан вилоят адлия бошқармасининг тақдимномаси ҳамда шаҳар прокурорининг протести асосида қонун ҳужжатларига зид бўлган ҳоким қарори бекор қилинган.

Аввалроқ Бухоро вилоятида 900 дан ортиқ фуқарога уй-жой олиш учун субсидиялар ажратилиши, Бухоро шаҳрида салкам 500 нафар субсидия олувчига квартиралар ажратилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар