Тойлоқда таэквондо бўйича вилоят биринчилигида ғолиб бўлган 23 нафар спортчи тақдирланди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги 28-мактабда ташкил этилган спорт тўгараги аъзоларидан 23 нафари тақдирланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 17—18 октябрь кунлари Самарқанд вилоятида спортнинг «Таеkwon-Do» (ITF) тури бўйича бўлиб ўтган вилоят очиқ биринчилигида Тойлоқ тумани халқ таълими бўлимига қарашли 28-мактабда ташкил этилган спорт тўгараги аъзоларидан 23 нафари иштирок этган. Улардан 1 та олтин, 8 та кумуш, 7 та бронза — жами 16 та медални қўлга киритган.

Тақдирлаш маросимида туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий-ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари, ёшлар ишлари агентлиги бўлими бошлиғи каби раҳбарлар иштирок этган.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, медаль соҳиблари ва уларнинг мураббийига миннатдорчилик билдирилиб, туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлари топширилган. Маълумот учун, ушбу тўгарак мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Турсунпўлат Қаюмов томонидан 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, унга маҳалла ёшлари жалб қилинган.

Аввалроқ Пешкулик 4 нафар қиз Чирчиқда ўтказилган оғир атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни, Наманганликлар эса сўнгги 1 ойда спорт турлари бўйича республика чемпионатида 75 та медални қўлга қиритганди.

Шунингдек Марҳаматда қизлар ўртасида волейбол бўйича республика чемпионати бошлангани ва Бангладешдаги халқаро мусобақада наманганлик спортчилар 3 та медални қўлга киритгани маълум қилинганди.

Янгиликлар