ДХХ 9 кг опий ва гашиш олиб кетаётган наркосавдогарларни қўлга олди

ДХХнинг Хоразмда ўтказган тезкор тадбирида хазорасплик фуқаронинг «Cobalt» машинаси салонида жами 6 бўлакда 3 кг 982 гр «опий» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Суриштирув ҳаракатлари давомида бу шахс Тожикистондан келтирилган «оғу»ни Сурхондарёнинг Сариосиё туманида яшовчи 2 нафар фуқародан олгани маълум бўлиб, Хазорасп туманидаги меҳмонхонанинг улар жойлашган хонасидан сотиш учун мўлжалланган 1 кг 952 «опий» моддаси ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситасини сотиб олган вақтларида яна 2 нафар хазорасплик наркосавдогарлар ушланди.

Бухоро вилоятида қайд этилган ҳолатда эса ғиждувонлик 2 нафар фуқаро Бухоро шаҳрида 1 кг 224 гр «опий» моддасини 50 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди.

Тошкент вилоятининг Бўка тумани ҳудудида ҳаракатланаётган «Nexia» русумли автотранспорт воситаси текширилди. Унда йўловчи сифатида кетаётган, Бағдод туманида яшовчи фуқаро ёнида 1 кг 913 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу ажал оғуси тожикистонлик наркокуръерлар томонидан  контрабанда йўли билан Тошкент вилоятига олиб келиниб, хуфия жойга қолдириб кетилган.

Янгиликлар