Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси маҳаллий нашрларга юборилган огоҳлантириш хатларига муносабат билдирди

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот 26 ноябрь куни ўзининг Twitter’даги саҳифасида Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги иш услубини ўзгартиргани ҳақида пост қолдирди.

Фото: «Kun.uz»

«Ҳайратдаман, AОКAнинг оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашдаги йўли ўзгарганини кўриш қайғули. Демократик жамиятни соғлом ва эркин матбуотсиз қуриб бўлмайди!», деб ёзган элчи.

Скрин: Twitter/ @TimTorlotFCDO

Блогер Нозим Сафаров ва Никита Макаренко Буюк Британия элчисининг твитига муносабат билдирган.

«Шундай ишлар, ҳурматли Торлот. ‘Ўзбек баҳори’ тугади ва у билан ‘иссиқ ҳарорат’ ҳам кетди. Энди ‘ўзбек қиши’ бошланиб, ‘совуқ’ ҳам тушиб қолди», деб ёзган Макаренко.

Эслатиб ўтамиз, 25 ноябрь куни «Kun.uz», «Газета.uz» ва «Podrobno.uz» таҳририятлари AОКAдан огоҳлантириш хати олгани ҳақида хабар берди. Юборилган хатлар мазмунига кўра агентлик таҳририятларни нохолисликда айблаб, «жиддий ҳуқуқий оқибатлар»дан огоҳлантирган.