Қашқадарёда 200 га яқин мактабни реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун қўшимча 100 млрд сўм ажратилади
Шавкат Мирзиёев раислигида 26 ноябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, йиғилишда ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Мактабларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида қўшимча 100 миллиард сўм ажратилиши қайд этилган. Таъкидланишича, ушбу маблағлар ҳисобига 88 та мактабда қўшимча иморат қурилади, 100 тадан кўпроғи эса тўлиқ жиҳозланади, пахса деворли филиаллар ўрнига янги бинолар барпо этилади.
Шунингдек, йиғилишда Қарши шаҳридаги 42-мактаб, туман марказларидаги биттадан шундай муассаса негизида ахборот технологияларига ихтисослашган мактаблар ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилган.
Бундан ташқари, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга вазирлик ва идоралар, тижорат банклари раҳбарлари билан бирга Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш, тадбиркорларга кўмаклашиш, камбағалликни қисқартириш масалалари ижросини назоратга олиш топширилган. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳар бир инвестиция лойиҳасининг ҳолатини жойига чиқиб, танқидий таҳлил қилиш, муаммоларни самарали ҳал этиш вазифаси қўйилган. Сектор раҳбарлари топшириқлар ижроси натижадорлиги юзасидан Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ҳар ойда ҳисобот бериб бориши белгиланган. Йиғилишда Қашқадарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар мутасаддилари лойиҳаларни бажаришга қаратилган режалари юзасидан ахборот берган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Чилонзор тумани мутасаддилари ва ёшлари билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Президент шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишгани ҳақида хабар берилган.