Коронавируснинг янги тури яна икки давлатда аниқланди
Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги штамми Япония ва Францияда ҳам аниқланди. Бу ҳақда «РБК» хабар қилди.
Маълум қилинишича, ушбу мамлакат ҳукуматлари илк касалланиш ҳолатлари аниқланган. Япония соғлиқни сақлаш вазирлиги янги турдаги коронавирус билан касалланиш бўйича Японияда бешта ҳолат қайд этилганини айтган. Таъкидланишича, уларнинг барчаси Буюк Британиядан келган бўлиб, ҳозирда барчаси изоляцияга олинган.
Шунингдек, Le Parisien газетасининг хабар қилишича, коронавируснинг «британча штамми» билан биринчи касалланиш ҳолати Франциянинг Тур шаҳрида қайд этилган. Вирусни юқтириб олган фуқаро франциялик бўлиб, у 19 декабрь куни Лондондан мамлакатга қайтиб келган. Беморда касаллик белгилари йўқ бўлиб, ҳозирда у карантинга олинган.
Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. «Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попова 22 декабрь куни Россия ҳудудида ҳали янги штамм йўқлигини маълум қилган эди. Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Метт Хенкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, аммо ундан хавфли эмаслигини таъкидлаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақаси бюроси директори Ханс Клюгенинг маълум қилишича, коронавируснинг янги штамми Европанинг 8та мамлакатида қайд этилган.
«Европадаги саккизта мамлакатда CОВИД-19 қўзғатувчисининг янги варианти — ВОC-202012/01 қайд этилди», — деб ёзади Клюге. Унинг таъкидлашича, вируснинг янги варианти олдингисидан фарқли бўлиб, аҳолининг ёш қатлами орасида кенг тарқалмоқда. ЖССТ вакили дунё мамлакатларини вирус тарқалишини олдини олишга қаратилган чораларни кучайтиришга, жумладан, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофаланишни назорат қилишга чақирган.
Аввалроқ Африканинг яна бир мамлакатида коронавируснинг янги тури аниқлангани ва Коронавируснинг янги турида қайси вакцина самара бериши мумкинлиги маълум қилинганди.