Африканинг яна бир мамлакатида коронавируснинг янги тури аниқланди
Нигериялик мутахассислар томонидан мамлакатда коронавирус инфекциясининг янги тури пайдо бўлгани аниқланди. Бу ҳақда 24 декабрь, пайшанба куни Африкада касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази директори Жон Нкенгасонг «eNCA» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК»
Марказ директори бу вазият қўшимча текширишни талаб қилишини маълум қилган: «Бу Буюк Британия ва Жанубий Африкадаги ҳолатдан фарқ қилади», — дейди Нкенгасонг. Маълумотларга кўра, сўнгги бир ҳафта ичида мамлакатда касалланганлар сони икки бараварга ошган. Ушбу ўсишни вируснинг янги тури келтириб чиқаргани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай далил мавжуд эмас.
Нигерияда 25 декабрь ҳолатига кўра, 81 963 киши COVID-19 билан касалланган. Мамлакатдаги ўлимлар сони 1 242 тани ташкил этмоқда. Вирусдан тузалганлар 69 651 кишига етган, 11 070 нафар фуқаро шифохоналарда даволанмоқда.
Африка қитъасида коронавирус мутацияси дастлаб Жанубий Африкада қайд этилган эди. Мамлакат ҳукумати 19 декабрь куни коронавируснинг янги турини эълон қилган. Олимлар ушбу турга 501.V2 деб ном берган.
Маълумот учун, коронавируснинг янги тури илк марта Буюк Британияда аниқланган. Унга маҳаллий аҳоли COVID-21 деб ном берган. Шунингдек, SARS-CoV-2 штамми Голландия, Дания ва Австралиядаги беморларда топилган. ЖССТнинг таъкидлашича, мутация кўпроқ юқумли касалликларга олиб келган бўлса-да, вирус ҳали хавфли даражадаги ҳолатларни келтириб чиқармаган. Шу билан бирга, ҳозирча янги штамм мавжуд эмлашлар билан қандай таъсирга киришишига оид илмий далиллар мавжуд эмас.
Аввалроқ Осиё мамлакатларига ҳам коронавируснинг янги тури кириб келгани ҳақида маълумот берилган эди.