Осиё мамлакатларига ҳам коронавируснинг янги тури кириб келди
Осиёнинг 3 мамлакати — Исроил, Малайзия ва Сингапурда ҳам коронавируснинг янги тури пайдо бўлди. Бу ҳақда 23 декабрь, чоршанба куни ушбу мамлакатлар расмийлари хабар берди, деб ёзади «Korrespondent».
Маълум қилинишича, Исроилда COVID-19 мутацияси бир вақтнинг ўзида тўрт кишидан топилган. Малайзия ҳам янги штамм аниқланганлигини тасдиқлаган, аммо юқтирганлар сони ҳақида хабар бермаган. Сингапурда эса бир кун олдин Лондондан қайтиб келган талабада инфекция тасдиқланган.
«Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий лабораториясида ўтказилган текширувлар давомида яқинда Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги вариантини юқтиришнинг тўртта ҳолати қайд этилди. Сўнгги кунларда Буюк Британиядан келган уч кишида вирус аниқланган. Улар махсус давлат карантин марказларида изоляция қилинмоқда», дейилади хабарда. Шунингдек, мамлакат ичида ҳам битта ҳолат аниқлангани, шу муносабат билан эпидемиологик текширув бошлангани таъкидланган.
Малайзия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам коронавируснинг янги мутацияси топилганини эълон қилган. Сабаҳ штатида олинган 60 та намунани ўрганиш давомида бу ҳолат қайд этилган, аммо юқтириш ҳолатлари сони ҳақида хабар берилмаган.
Бундан ташқари, коронавируснинг янги турини юқтириш бўйича биринчи ҳолат Сингапур ҳукумати томонидан ҳам тасдиқланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, янги штамм яқинда Лондондан қайтиб келган cингапурлик талабадан топилган. Шу билан бирга, вазирлик «вируснинг янги тури тўғридан-тўғри мамлакат ичида тарқалгани тасдиқланмаган», деб таъкидлаган.
Департамент маълумотларига кўра, 17 ноябрдан 17 декабргача Европа мамлакатларидан Сингапурга қайтиб келган 31 кишида коронавирус аниқланган. Барча беморлар махсус карантин марказларида даволаняпти. Пандемия бошланганидан буён республикада 58,4 мингдан ортиқ юқтирганлар аниқланган, улардан 29 киши вафот этган.
Аввалроқ Буюк Британияда коронавируснинг янги тури — COVID-21 аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг Европа мамлакатлари Британия билан авиақатновни тўхтатишни бошлаган.