Қирғизистон-Ўзбекистон ўртасида 1,5 млрд долларлик 25 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида ўтказилган музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаров икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чеккан.

Давлат раҳбарлари ҳузурида давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро ҳужжатлар алмашилди. Жами 25 та ҳужжат имзоланган, шу жумладан:

  • Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённома;
  • Қирғиз Республикасида автомобиль ва тижорат техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Стратегик савдо-иқтисодий шериклик тўғрисида 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастур;
  • Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги битимга Баённома;
  • Чегараолди вилоятлар раҳбарлари кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги меморандумга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённома.

Вазирлик ва идораларлар ўртасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, божхона, саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш, инновациялар ва илмий тадқиқотлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар, шунингдек, Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш режаси имзоланди.

Шунингдек, Жиззах ва Иссиқ-кўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалол-обод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурлар имзоланди.

“24kg” нашрининг хабар беришича, икки давлат Бош вазир ўринбосарлари тоғ-кон саноати, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалигини қайта ишлаш, энергетика, қурилиш, инфратузилма соҳаларида умумий қиймати 1,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган қўшма лойиҳаларни ишлаб чиққан.

“Лойиҳа суммалари ҳайратланарли. Ишончим комилки, улар яқин келажакда ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилади. Албатта, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун молиялаштириш талаб этилади. Шу йўналишда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси салоҳиятидан фойдаланишимиз мумкин”, деди Садир Жапаров.

Жапаров Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси доирасида Жалолобод вилоятида пахтани қайта ишлаш, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо-логистика марказлари, жумладан, Қизил-Қия шаҳрида ташкил этиш, шунингдек, ҳамкорликда пахтани қайта ишлаш қатор кичик ГEСлар қурилиши бўйича қўшма корхонани молиялаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Янгиликлар