Шофирконда йил охирига қадар 757 та субъект ихтиёрида 1,2 млрд сўм маблағ қолиши маълум бўлди

Бухоро вилояти Шофиркон туманида  757 та субъект ихтиёрида йил охирига қадар 1,2 миллиард сўм маблағ қолиши маълум бўлди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Шофиркон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, коронавирус пандемияси даврида савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида қатор имтиёзлар берилган.

Жумладан, 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан ва жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилган.

Фото: Шофиркон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, бу имтиёзлар 20 июлдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон натижасида тақдим этилган.

«Мазкур имтиёзни берилиши натижасида  Шофиркон тумани бўйича 30 та умумий овқатланиш корхонаси ихтиёрига бир ойда 1,47 миллион сўм, йил охирига қадар 8,84 миллион сўм маблағ қолади. Бундан ташқари, 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинди», дейилади хабарда.

Фото: Шофиркон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

2020 йилда Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда, солиқ тўловчиларга солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатларини беш кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирганлик учун жарима солинмайдиган бўлди.

Фармон қабул қилингунга қадар солиқ хисоботларини ўз вақтида тақдим этмаган 12 та тадбиркорга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштириб, судга юборилган. Эндиликда унга яна қўшимча 5 кун вақт берилади.

Шунингдек, микрофирма ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 2020 йил 1 июлга қадар 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилган эди.

Эндиликда бу имтиёзларнинг муддати йил охирига қадар узайтирилди. Натижада, Шофиркон туманида  757 та субъект ихтиёрида йил охирига қадар 1,2 миллиард сўм маблағ қолади.

Ўзгаришлардан яна бири 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, шунингдек, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича оналарга бериладиган нафақалардан даромад солиғи сақланар эди. Эндиликда нафақалардан солиқ сақланмайдиган бўлди.

Аввалроқ Сўхликлар 2020 йилда ер ва мол-мулк солиғидан озод этилган ва Тошкентда карантин даврида қанча мол-мулк ва ер солиқлари тўлангани маълум бўлган эди.

Янгиликлар