Тошкентда карантин даврида қанча мол-мулк ва ер солиқлари тўлангани маълум бўлди
Тошкент шаҳрида карантин даврида салкам 123 миллиард сўм қийматидаги мол-мулк ва ер солиқлари тўланди. Бу ҳақда шаҳар Давлат солиқ бошқамаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан эгалигида солиқ солинадиган мол-мулки ва ер участкалари бўлган жисмоний шахслар ҳамда деҳқон хўжаликлари мол-мулк ва ер солиқларини тенг улушларда 15 апрель ва 15 октябрга қадар тўлаши лозим.
Коронавирус пандемияси даврида аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги фармонига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларининг тўлов муддати 15 октябрга қадар узайтирилган.
Тошкент шаҳрида 2020 йилда мол-мулк ва ер солиғи тўланиши лозим бўлган 680,9 мингдан ортиқ объект мавжуд. Уларнинг эгаларига давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқларни тўлаш ҳақидаги маълумотнома юборилган.
Шунингдек, 23 сентябр кунига қадар 523 мингдан ортиқ объект учун 122,8 миллиард сўм миқдорида мол-мулк ва ер солиқлари бўйича тўловлар амалга оширилган. Таҳлилларга кўра, пойтахтнинг Бектемир, Учтепа ҳамда Яшнобод тумани фуқаролари мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш бўйича пешқадамлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида мол-мулк ва ер солиқларини «Soliq» мобил иловаси орқали уйдан чиқмаган ҳолда тўлаш имконияти яратилган. Шунингдек, «Click», «PayMe» ва бошқа замонавий электрон тўлов воситалари ёрдамида ҳам тўловларни амалга ошириш мумкин.
Аввалроқ Андижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги тўлангани ва Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қўрғонтепада юк машинаси хатлангандан сўнг 117 миллион сўм кредит қарзи тўлангани ва Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани маълум қилинди.