Андижонда 170 млрд сўмдан зиёд кредит қарздорлиги ундирилди
Андижон вилоятида суд қарорлари асосида кредит қарздорликларини ундириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган семинарда ташкилот масъуллари, вилоят прокуратураси ҳамда тижорат банклари вакиллари иштирок этган. Тадбирда вилоятда суд ижро ҳужжатларига асосан кредит қарздорликларини ундириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилган.
«Мазкур йўналишдаги ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Айни кунда Бюронинг туман, шаҳар бўлимлари иш юритувида қиймати 338 миллиард 988 миллион сўм бўлган 1 минг 359 та ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда», — дейди МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
Хабарда айтилишича, МИБ томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида қиймати 173 миллиард 472 миллион сўм бўлган 589 та ижро ҳужжати ижроси таъминланган. Давлат ижрочилари томонидан қиймати 118 миллиард 430 миллион сўм бўлган гаровдаги кўчмас мулк, автотранспорт воситалари ва бошқа мол-мулклар хатланиб, электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилганлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, электрон онлайн-аукцион савдоларида 5 миллирад 668 миллион сўмлик 32 та мулк сотилиб, сотувдан тушган маблағлар тегишли тартибда ундирувчи банкларнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.
Семинарда ижро ҳужжатларини белгиланган муддат ва қонунлар доирасида ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланган. Мутахассислар томонидан мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилган.
Аввалроқ Андижон вилояти прокуратураси МИБнинг бажарилмаган ижро ҳужжатлари ҳақидаги хабарларга муносабат билдиргани, 118 миллиард сўмдан ортиқ гаровдаги кўчмас мулклар онлайн аукционга чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.