Андижон вилояти прокуратураси МИБнинг бажарилмаган ижро ҳужжатлари ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
Андижон вилояти прокуратураси «Xabar.uz» интернет ижтимоий тармоғида жойлаштирилган «МИБ прокуратурани ҳам алдайдими? Ёхуд ижроси ‘дам еб’ ётган ижро ҳужжатлари» номли мақолага расмий муносабат билдирди.
Аниқланишича, Избоскан тумани маъмурий судининг 2017 йил 17 ноябрдаги ижро варақасига асосан қарздор Ж.Т.дан ундирувчи А.С. фойдасига 25 162 875 сўм моддий зарар ундириш белгиланган.
Мазкур ижро хужжати бўйича Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилиб, ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли мол-мулклар мавжуд эмаслиги ҳамда Ж.Т. ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилда яшамаётганлиги аниқланиб, 2018 йил август ойида қарздорга нисбатан қидирув эълон қилинган. Шунингдек, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрсида»ги қонунининг 421-моддасига асосан Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.
Хабарда айтилишича, қарздорнинг мол-мулклари мавжуд бўлмаганлиги сабабли ижро иши дастлаб 2019 йил 3 апрелда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрсида»ги қонуннинг 40-моддаси 1-қисми 2- ва 3-бандларига асосан кейинчалик ундирувчининг вакили Д.С. бюронинг Андижон шаҳар бўлимига қарздор Ж.Т. билан ўзаро келишиб олганлигини маълум қилган. Ижро ҳужжатини ўзига қайтаришни сўраб, ариза билан мурожаат қилганлиги сабабли 2019 йил 14 ноябрда ижро иши қонуннинг 40-моддасининг 1-қисми 1-банди билан ундирувчининг вакили Д.С.га қайтарилиб, ижро иши тамомланган.
«Ундирувчининг вакили Д.С. 2019 йил 16 ноябрда қайтадан ижро қилишлик учун топширган ижро варақаси бўйича ‘МИБ ижро’ дастури орқали банк, давлат хизматлари агентлиги, солиқ идораси, давлат кадастри, Йўл ҳаракати хавфсизлиги, нотариал идорадан қарздорнинг кўчмас мол-мулклари, транспорт воситалари ва бошқа мол-мулклари бор-йўқлиги текширилиб, олинган маълумотларга кўра, қарздорга тегишли мол-мулклар мавжуд эмаслиги аниқланган.
Мақолада кўрсатилган ҳолатлардан келиб чиқиб, 2020 йил 17 августда қарздорнинг ижро ҳужжатида кўрсатилган манзили такроран ўрганилганда унинг мол-мулклари мавжуд эмаслиги ва Ж.Т. ушбу манзилда рўйхатда турса-да, яшамаслиги аниқланиб, бу ҳақда қарздорнинг онаси, МФЙ раиси ва холислар иштирокида далолатнома тузилган», — дейилади хабарда.
Андижон вилояти прокуратурасига кўра, ҳозирда ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Ундирувчининг вакили Д.С.га қонуннинг 76-моддаси талабларига асосан қарздорга нисбатан қидирув эълон қилишлик учун қарздорни қидириш бўйича тегишли харажатларни тўлиқ бўнак (келгусида тўланиши лозим бўлган иш ҳақи ҳисобидан амалга ошириладиган пул тўлови) билан таъминлашга розилик берган тақдирда қидирув эълон қилиниши тушунтирилган.
Аввалроқ Тўрткўлда ички ишлар бўлимида комага тушиб, вафот этган йигит иши юзасидан расмий муносабат билдирилганди. Шунингдек, Наманганда безорилар устидан ИИБга бир неча бор шикоят қилган эркакнинг руҳий носоғлом эканлиги маълум бўлганди.