Ҳудудсиз давом этиш

Тўрткўлда ички ишлар бўлимида комага тушиб, вафот этган йигит иши юзасидан расмий муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда 19 август куни «Тўрткўлда милиция бўлимида комага тушган йигит вафот этди» сарлавҳа остида хабар тарқалди. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 26 июль куни, тахминан, соат 16:30 да Тўрткўл тумани Ички ишлар бошқармаси навбатчилик қисмига «Янгиобод» маҳалласидаги хонадонларнинг бирида жанжал бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Хабарга кўра, ҳудудий профилактика инспектори лейтенант М.Жуманиязов шериги профилактика инспектори лейтенант М.Жаббарбергенов билан бирга воқеа жойига етиб борган. Шу ерда яшовчи фуқаро С.И. маст ҳолда оила тинчлигини бузаётганлиги, баданида тан жароҳатлари борлиги аниқланиб, беморга тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган.

Бирламчи ташхисга кўра, фуқаро С.И. мастлик ҳолатида эканлиги, иккала оёғининг пастки қисмида тирналган, юз қисмида шилинган жароҳатлари мавжудлиги қайд этилган. Шундан сўнг ҳолатни расмийлаштириш мақсадида С.И. профилактика инспекторининг хизмат хонасига олиб келиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётган вақтида фуқаро тоби қочаётганлигини маълум қилган.

Тезкорлик билан чақиртирилган тез тиббий ёрдам ходимлари фуқаро С.И.нинг қон босими юқори бўлганлиги сабабли унинг турмуш ўртоғи Ч.Х.нинг кузатуви остида тиббий муолажа кўрсатиш учун туман тиббиёт бирлашмасига олиб кетилган. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан фуқаро С.И. тиббий кўрикдан ўтказилиб, 26 июль куни, тахминан, соат 18:30 ларда уйига жавоб берилган.

27 июль куни эрталаб фуқаро С.И. ҳушига келмаганлиги сабабли оила аъзолари томонидан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва ҳолат ҳақида туман ички ишлар бўлимига хабар берилган.

2020 йилнинг 11 август куни фуқаро С.И. туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида тегишли муолажаларга қарамай, кома ҳолатидан ўзига келмасдан вафот этган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Тўрткўл тумани прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Шу ўринда ижтимоий тармоқ юритувчи ва фойдаланувчиларидан барча келиб тушаётган маълумотларни ҳаққонийлигини текшириб, сўнг жамоатчиликка етказишингизни, ёлғон маълумотларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз», — дейилади муносабатда.

Aввалроқ ҳамма жойи калтакланиб, моматалоқ бўлиб кетган бухоролик йигитнинг Президентга йўллаган видеомурожаати юзасидан расмий маълумот берилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Миллий гвардия 2 ярим ёшли болани уриб ўлдирган ходимининг 19 йилга қамалгани бўйича расмий муносабат билдирган.