Ҳамма жойи калтакланиб, моматалоқ бўлиб кетган бухоролик йигитнинг Президентга йўллаган видеомурожаати юзасидан расмий маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда 6 август куни тарқалган «Ҳамма жойи калтакланиб, моматалоқ бўлиб кетган бухоролик йигит Президентга мурожаат қилмоқда» деб изоҳланган видеолавҳа юзасидан Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси расмий маълумот берди.

Фото: Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси

Маълумотларга кўра, 26 июль куни соат 00:45 да Жондор туман ИИБ навбатчилик қисмига фуқаро А.Қ телефон орқали мурожаат қилган. У Жондор тумани «Хўжаҳайрон» маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Каримов маст ҳолда янгаси Г.Қ.нинг уйига келиб, тинчлигини бузганлигини айтган. Ҳудудий профилактика инспекторини юборишни сўраган. Мазкур хабарнома тегишли тартибда туман ИИБда қайддан ўтказилиб, профилактика катта инспектори капитан М.Зиёев томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

«2020 йил 26 июль куни соат 00:30 ларда Жондор туман ‘Хўжаҳайрон’ МФЙ Хўжаҳайрон қишлоғида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро Д.Каримов маст ҳолатда шу қишлоқда яшовчи Г.Қ исмли аёлнинг уйига бориб, тинчлигини бузган. Г.Қ.нинг турмуш ўртоғи ҳозирда ишлаш мақсадида Россияга кетганлиги сабабли у телефон орқали қайнукаси, 1993 йилда туғилган А.Қ. ҳамда 1977 йилда туғилган қайнакаси С.Қ.ни чақирган. А.Қ. ва С.Қ. келиб, Д.Каримовни уриб, тан жароҳати етказганлар.

Фуқаро А.Қ.нинг туман ИИБга қилган мурожаати асосида ИИБ ходимлари воқеа жойига етиб бориб, Д.Каримовнинг мастлик даражасини аниқлаш мақсадида туман наркология диспансери кўригидан ўтказишган.

Фуқаро Д.Каримов 27 июль куни соат 12:30 да олган тан жароҳати бўйича туман касалхонасига мурожаат қилган. Мазкур хабарнома тегишли тартибда туман ИИБда қайддан ўтказилиб, шу куннинг ўзида фуқаро Д.Каримовга нисбатан олган тан жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш бўйича судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Фуқаро Д.Каримов суд-тиббий экспертизаси кўригидан ўтишни рад қилиб, шу кунга қадар суд-тиббий экспертизаси кўригидан ўтмасдан келган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекс талабларига мувофиқ фуқаро Д.Каримовни суд-тиббий экспертизаси кўригидан ўтишини таъминлаш мақсадида 2020 йил 5 август куни хабарнома юзасидан суриштирув муддати туман прокурори томонидан 10 кунга узайтирилган», —  дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жондор тумани ИИБ тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги «сўконғич ўқитувчи» видеосига расмий муносабат билдирганди. Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси эса тиббиёт ходимларига қўшимча рағбат тўланмагани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Шунингдек, Миллий гвардия 2 ярим ёшли болани уриб ўлдирган ходимининг 19 йилга қамалгани бўйича расмий муносабат билдирди.

Янгиликлар