Ўзбекистонда сунъий интеллект лойиҳаларни ривожлантиришга $100 млн йўналтиради

Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни назарда тутувчи қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллектдан фойдаланадиган стартаплар ҳамда устувор лойиҳаларни молиялаштиришни кўпайтириш кўзда тутилган.

Ушбу мақсадлар учун 2026–2027 йилларда қўшимча 100 млн доллар ажратилади. Маблағлар қуйидагича йўналтирилади:

• 50 млн доллар — давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун бепул ажратилади;

• 50 млн доллар — Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг «Фондлар фонди» ва IT Park Ventures устав капиталига улуш сифатида йўналтирилади. Бу маблағлар сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.

Маблағларни тақсимлаш «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича Координация комиссияси томонидан амалга оширилади.

Жамият