Тошкент вилоятида қадимий ибодатхона ва ҳарбий анжомлар топилди
Қанқа ёдгорлигида олиб борилаётган экспедиция давомида 5–8-юз йилликларга оид ибодатхона ва ҳарбий анжомлар топилди. Бу ҳақда Фанлар академияси Тарих институти хабар берди.

Қайд этилишича, академия томонидан Қанқа ёдгорлигини «Очиқ осмон остидаги музей»га тайёрлаш бўйича изланишларни олиб бормоқда.
Қанқа археологик ёдгорлиги Турон тарихида муҳим ўрин тутувчи йирик шаҳар ёдгорлиги бўлиб, айрим изланувчилар томонидан «Авесто»да тилга олинган Қанғдеш, «Шоҳнома»да тилга олинган Турон шоҳи Алп Эр Тўнга шаҳри Қанғдез номлари билан ҳам тенглаштирилади.
Институтнинг «Ҳарбий тарих маркази» ва «Қадимги дунё тарихи» бўлимлари ходимларидан иборат гуруҳ томонидан олиб борилаётган бу йилги изланишлар давомида ёдгорлик арки қуйи майдончасида жойлашган 5 — 8-юз йилликларга тегишли ибодатхонани ўрганиш жараёнида металлдан ишланган совут бўлаклари топилди, — деб таъкидланган.
Маълум қилинишича, қадимда жамият маданий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ибодатхонага ҳар бир кишининг ўзи тайёрлаган энг яхши маҳсулоти, буюмини совға қилиш анъанаси бўлган. Жангчи совути ҳам қуролчи уста томонидан худди шу мақсадда ибодатхонага топширилган бўлиши мумкин.
Шунингдек, Қанқа ибодатхонасида бу каби ҳарбий анжомларнинг сақланиши айниқса муҳим ўрин тутиши билдирилди. Қанқа ибодатхонаси тарихи туркий халқларнинг ҳарбийликка йўғрилган турмуши билан чамбарчас боғланган.
2021-йили бошланган қазув ишлари давомида ибодатхонага кириш қисмида от анжомлари топилган бўлса, бу йил топилган совут туркий халқларнинг ҳарбий соҳага кучли эътибор берганларини яна бир бор тасдиқлайди, — дейилади хабарда.
 
 
							 
 
							 
 
					 
 
					 
                   
                   
                   
                   
                   
                   
                  




