Ўзбекистон қадимий экин уруғларини «Қиёмат куни омбори»га топширди
Ўзбекистоннинг қадимий ва маҳаллий экинларига оид уруғ намуналари Норвегияда жойлашган дунёдаги энг йирик ва хавфсиз уруғ сақлаш маскани Svalbard Бутунжаҳон Уруғ Сақлаш Генбанкига топширилди.

Қайд этилишича, ушбу муҳим ташаббус Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Nordic Genetic Resource Center (NordGen) ўртасидаги самарали халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилган.
Мазкур жараён Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик хилма-хиллигини сақлаш, миллий генофондни мустаҳкамлаш ва халқаро миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларда муҳим босқич бўлгани билдирилди.

Svalbard омборига топширилган уруғлар ўзбек деҳқончилик маданиятининг бебаҳо мероси — қадимий навлар ва маҳаллий экотипларнинг генетик намуналарини ифодалайди. Коллекция таркибида қовун, тарвуз, помидор, қалампир, бақлажон, сабзи, пиёз ва буғдойнинг 20 дан ортиқ маҳаллий навлари мавжуд. Айниқса, буғдойнинг маҳаллий «Қайроқтош» нави алоҳида аҳамиятга эга, — дейилади хабарда.
Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти вакилларининг таъкидлашича, бу ташаббус Ўзбекистоннинг ўсимликлар хилма-хиллигини асраш, глобал озиқ-овқат хавфсизлигига ҳисса қўшиш ва генетик ресурсларни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш йўлидаги қатъий позициясини намоён этади.
Svalbard бутунжаҳон уруғ омбори Арктика музликлари бағрида жойлашган бўлиб, -18°С ҳароратда доимий ишлайдиган глобал генбанк ҳисобланади. Ҳозирда бу ерда 1,1 миллиондан ортиқ уруғ намуналари сақланмоқда. Ушбу маскан дунё бўйлаб ген банкларида мавжуд уруғларнинг захира нусхаларини узоқ муддатли сақлашни таъминлайди.
 
 
							 
 
							 
 
					 
 
					 
                   
                   
                   
                   
                   
                   
                  




