Энди интернетда сўкиниш, шилқимлик ва тартибни бузувчи ҳаракатлар тарғиби учун жавобгарлик белгиланиши мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан гаровга қўйилган мулкни ишониб топширилган шахс томонидан қонунга хилоф равишда тасарруф этиш оз миқдор ёки кўп бўлмаган миқдорда содир этилган тақдирда маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Лойиҳа билан телекоммуникация ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоқларида уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузувчи бошқа шу каби ҳаракатлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда.
Шунингдек, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш учун ҳам маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутиляпти.
Қонун лойиҳасида шахс томонидан содир этилган ўз ҳуқуқбузарлигини тарғиб қилувчи материалларни оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет тармоқларида тарқатиш учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар жамиятда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, янги турдаги ҳуқуқбузарликлар пайдо бўлишининг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшларга салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади, — дейилади хабарда.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.





