Марҳаматда 700 млн сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилди
Aндижон вилояти Марҳамат туманида августда белгиланган тартибда олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида 737 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ижро ҳужжатига асосан қарздор «Марҳамат агросервис» машина трактор парки ҳисобидан ундирувчи туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига 147 миллион сўм солиқ қарзи ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича қарздор ташкилот томонидан солиқ қарзлари ўз вақтида тўланмагач, «Марҳамат агросервис» машина трактор паркига тегишли бўлган 1 дона «Case» русумли комбайн хатланган.
Шунингдек, «Ўқчи» пахта тозалаш заводи ҳисобидан ундирувчи туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига 305 миллион сўм солиқ қарзи ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича қарздорга тегишли бўлган мева-сабзавотларни сақлаш учун мўлжалланган музхона рўйхатга олинган ва хатланган.
Ҳозирда хатланган мулкларни реализация қилиш чоралари кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда ўтган 6 ой давомида 14 миллиард сўмлик зарарлар ундирилгани ҳақида хабар берилган эди.
Кейинчалик Aндижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги ундирилгани маълум қилинди.