Қўрғонтепада юк машинаси хатлангандан сўнг 117 млн сўм кредит қарзи тўланди
Aндижон вилояти Қўрғонтепа туманида автотранспорт воситаси хатлангандан сўнг 117 миллион сўм кредит қарзи тўланди. Бу ҳақда МИБ Aндижон вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 8 cентябрь, сешанба куни фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судида даъвогар «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки Қўрғонтепа туман филиалининг даъво аризаси кўриб чиқилган.
Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, даъвогар «Қишлоқ қурилиш банк» AТБ Қўрғонтепа туман филиали ва жавобгар «Зуҳро Раъно савдо» масъулияти чекланган жамияти ўртасида кредит шартномаси тузилган. Шартномага асосан жамиятга 500 миллион сўм кредит маблағлари ажратиб берилган ва мазкур кредитнинг таъминоти сифатида жавобгар жамиятга тегишли бино-иншоотлари ҳамда «Shaanxi» русумли автотранспорт воситаси гаровга қўйилган. Мазкур аризага кўра даъвогар банк судга гаровдаги мулк бўйича даъвони таъминлашни сўраб чиққан.
Қайд этилишича, суд ажримига кўра, жавобгар «Зуҳро Раъно савдо» МЧЖга тегишли бино-иншоотлари ҳамда «Shaanxi» русумли автотранспорт воситасига нисбатан даъвони таъминлаш чоралари кўрилиши белгиланган.
Юқоридаги ҳужжатга асосан Мажбурий ижро бюроси Қўрғонтепа туман бўлими ходимлари томонидан «Shaanxi» русумли автотранспорт воситаси хатлаб қўйилган. Шундан сўнг кредит қарздорлигини ўз вақтида тўлаш юзасидан тушунтиришлар берилган. Тушунтиришлар натижасида жавобгар жамият 8 сентябрь куни 117 миллион сўм кредит қарздорлигини тўлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижонда 118 миллиард сўмдан ортиқ гаровдаги кўчмас мулклар онлайн аукционга чиқарилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Aндижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги ундирилгани маълум қилинди. Сўнгра Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилди.