Enter Engineering компанияси немис саноат концерни thyssenkrupp билан ҳамкорлик қилади

Enter Engineering компанияси немис саноат концерни thyssenkrupp билан янги кон-бойитиш мажмуасини қуриш соҳасида юқори технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ушбу лойиҳада янги иш ўринларини яратиш, мамлакатимиздаги кон манбааларини такомиллаштириш ва энергия қувватини тежаш бўйича илғор технологияларни жорий этиш кўзда тутилган.

Тошкент, Ўзбекистон — 2021-йил 27-сентябрь — Марказий Осиё бозорида бўйича энг йирик EPC пудратчи, Россия Федерациясида бу соҳа етакчиларидан бири ҳисобланган Enter Engineering ва Германиянинг йирик саноат концерни thyssenkrupp AG ўртасида Келишув битими имзоланганлиги эълон қилинди.

Enter Engineering ва thyssenkrupp AG компаниялари ўртасида тузилган 50 миллион евро қийматга эга бўлган ушбу Келишув Тебинбулоқ титан-магнит рудалари кони базасида интеграциялаштирилган кон-металлургия мажмуасини қуриш лойиҳасини амалга оширишни назарда тутади.

Икки томон, шунингдек лойиҳа бўйича тайёргарлик ишларини бошлаш тўғрисида битимни, жумладан юқори технологияли ускуналарни етказиб бериш, лойиҳалаштириш, монтаж жараёни давомида назорат қилиш ва объектда ишга тушириш назарда тутилган шартномани имзоладилар.

Валли прессларда юқори босим остида майдалашнинг инновацион технологиясини (High-Pressure Grinding Rolls) қўллаш орқали кон объектида йилига 60 миллион тонна темир рудасини қайта ишлаш ва энергия қуввати сарфини сезиларли даражада камайтиришга эришиш мумкин.

Enter Engineering компанияси Директорлар кенгаши раиси Бахтиёр Фозилов қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:

«Биз thyssenkrupp AG каби етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилишдан бениҳоя мамнунмиз. Aввало шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизнинг металлургия саноатида немис стандартларини қўллаш орқали юқори сифатли хом-ашё базасини яратишга муваффақ бўламиз. Ушбу лойиҳа, Enter Engineering компанияси эришишга интилиб келаётган барча мақсадларни ўзида мужассам этган: бу ташқи бозорда республиканинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, ўзбек истеъмолчиларининг манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини яратишдир».

Enter Engineering томонидан амалга ошириладиган қурилиш ишларининг муддати — икки йилни ташкил этиб, завод 2023 йилнинг сентябрь ойида ишга туширилиши кутилмоқда.

 

Евроосиё минтақалари, шу жумладан МДҲ ва Хитой бўйлаб кон қазилмаларини бойитиш технологиялари бўйича thyssenkrupp компаниясининг вице-президенти – Реза Пурваш шундай деди:

«Бугунги кунда, тоғ-кон саноати соҳасида 140 тадан ортиқ HPGR ускуналари сотуви амалга оширилган. thyssenkrupp немис брендига хос юқори сифат ва ишончлиликни амалда тасдиқлаган ҳолда МДҲ мамлакатлари ҳудудида бу турдаги технологиялардан фойдаланувчи тоғ-кон компаниялари танлови доирасида етакчилик қилиб келмоқда».

МДҲ мамлакатлари бўйлаб кон қазилмаларини бойитиш технологиялари бўйича thyssenkrupp минтақавий директори Роман Карл қуйидагиларни қайд этди:

«Муҳандислик қурилишлари бўйича йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келаётган ва бу борада бой тажрибага эга бўлган Enter Engineering сингари Ўзбекистонда донгдор компания билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз.

Ҳозирги кунда бу энг тежамкор ва инновацион технологиялардан бири бўлиб, энергия қуввати сарфини сезиларли даражада камайтириши мумкин. Ушбу технологияни илк бора 1985 йилда цемент саноатида, 1986 йилдан бошлаб эса тоғ-кон саноатидаги майдалаш жараёнида қўллаб, маҳсулотнинг юқори даражада майда донадорлигини таъминлашга эришиб келинмоқда. Шу ўринда, ушбу технологиянинг тўлиқ интеграциялашуви 4.0 Саноати доирасида муҳим аҳамият касб этишини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз».

Металлургия мажмуаси Ўзбекистон учун ўзининг мультипликация таъсири билан улкан аҳамиятга эга. Унинг шарофати билан чекка туманларда нафақат янги иш ўринлари яратилади, балки, маҳаллий темир рудаси ишлаб чиқариш саноати ривожланиши ўсади ва шу орқали мамлакатда мавжуд металлургия мажмуаларини хом-ашё билан тўлиқ таъминлаш имконияти туғилади. Шунингдек, ушбу мажмуа инфратузилмани ривожлантириш, хизмат кўрсатувчи корхоналарни яратиш ва мамлакатлараро савдо ҳажмини оширишга ҳам хизмат қилади.

Тебинбулоқ кони Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисми, яъни Қорақалпоғистоннинг Қораўзак вилоятида жойлашган. Майдони 5,2 кв. км бўлиб, тахминий ҳаёт даври 27 йилни ташкил этади.

Enter Engineering ва thyssenkrupp ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражада, яъни ҳукуматлар миқёсида қўллаб-қувватланмоқда. Келишувни имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Aлишер Султонов иштирок этди. Энергетика вазирлиги эскираётган ишлаб чикариш тармоқларини янги, энергия қувватини тежайдиган технологияларга ўтказишга асосланган миллий миқёсдаги саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этади.

Маросимда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Тило Клиннер ҳам иштирок этди ва қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:

«Бу жуда муҳим воқеа. Бугун имзоланган стратегик лойиҳанинг шартномаси Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланаётгани рамзидир. Германия ва thyssenkrupp каби йирик немис компаниялари ушбу муҳим иш дебочасида технологик ҳамкор сифатида иштирок этаётгани билан бениҳоя фахрланади.

Бойитиш заводи, Тебинбулоқ кон-бойитиш мажмуаси таркибига киради, ушбу янги лойиҳа Ўзбекистоннинг етакчи компаниялардан бири бўлган Enter Engineering билан биргаликда амалга оширилади. 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёни ўзининг ажойиб натижаларини намоён этиб келмоқда ва ушбу лойиҳа ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорликни янада ривожланиши учун хизмат қилишига ишонаман».

Янгиликлар