Андижон вилояти ҳокимлиги биноси олдида аҳоли томонидан норозилик уюштирилди

Андижон вилояти ҳокимлиги биноси олдида 26 октябрь, душанба куни аҳоли томонидан уюштирилган норозиликка вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда фуқаролар ўзларининг шахсий мурожаатлари билан вилоят ҳокимлиги биноси олдида норозилик уюштираётгани акс этган видеолавҳа тарқалган. Аниқланишича, мазкур ҳолатда аҳоли норасмий манбалар сабабли вилоят ҳокими қабули ўтказилаётганига ишонган ва ҳокимлик биносига ушбу қабулда иштирок этиш мақсадида келган. Мазкур фуқаролар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаганлиги учун тартибсизлик юзага келган.

Хабарга кўра, норозилик бўлиб ўтган куннинг ўзида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиев бошчилигида барча ўринбосарлар томонидан фуқаролар қабули ташкил этилган. Шунингдек, ушбу фуқароларга вилоят ҳокимининг қабули тасдиқланган жадвалга асосан ҳар ойнинг охирги шанба кунида ўтказилиши тушунтирилган.

Қайд этилишича, мурожаат билан келган аҳолининг мурожаатлари рўйхатга олиниб, ижросини таъминлаш мақсадида тегишлилиги юзасидан мутасадди ташкилотларга юборилган ва назоратга олинган.

Бундан аввал Бош прокуратура фуқаролар қабулхонаси олдида пикет уюштирилгани ҳақида хабар қилинган эди.