Бош прокуратура фуқаролар қабулхонаси олдида пикет уюштирилди

Бош прокуратура фуқаролар қабулхонаси олдида 18 октябрь, шанба куни бир гуруҳ фуқаролар иштирокида пикет уюштирилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, пикетга қатнашчиларнинг А.Менг ва А.Молотягин бошчилигидаги «International Consulting Group» платформасига сармоя киритгани ва фирибгарлик ҳаракатлари оқибатида моддий зарар кўрганликлари сабаб қилиб келтирилган. Мазкур тадбирда қатнашган фуқаролардан жами 33 та мурожаат қабул қилинган.

Таькидланишича, А.Менг ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур иш ҳозирда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими иш юритувида эканлиги қайд этилган.

«Фуқаролар томонидан берилган мурожаатлар жиноят ишига қўшиб ўз вақтида ва объектив кўрилиши Бош прокуратура назоратига олинган», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, ҳукумат идоралари олдига бирор нарсадан норозиликни ифодалаш учун қўйиладиган вакиллар гуруҳи пикет дейилади.

Бундан аввал Қоракўлда ташкил этилган вилоят прокурори иштирокидаги сайёр қабулда 10 дан ортиқ мурожаат жойида ҳал этилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Бешариқда прокурор ўтказган сайёр қабулда 3 кишининг мурожаати ҳал этилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар