Наманганда бир кунда содир бўлган 2 та ЙТҲ оқибатида 2 нафар пиёда вафот этди (видео)

Наманган вилояти Поп ва Наманган туманларида бир кунда содир бўлган 2 йўл транспорт ҳодисаси оқибатида 2 нафар пиёда касалхонада вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 23 октябрь, жума куни соат 19:30 атрофида Пунгон—Поп автомобиль йўлининг 32 километрида «ВАЗ-2107» автомашина ҳайдовчиси ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Олган тан жароҳатлари сабабли пиёда касалхонада вафот этган.

Шунингдек, худди шу куни соат 20:30 ларда Наманган тумани «Анжирзор» маҳалласининг ички йўлида «Damas» русумли автомашинани катта тезликда бошқариб кетаётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган пиёдани уриб юборган. Оқибатда, пиёда оғир тан жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этган.

Хабарга кўра, мазкур икки ҳолат юзасидан вилоат Ички ишлар бошқармар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи ва масъуллар иштирокида аҳоли билан учрашув ўтказилган. Учрашув давомида аҳолига йўл қоидаларига амал қилиш ва мазкур ЙТҲлардан хулоса чиқариш кераклиги айтилган.

Бундан аввал Наманганда «Nexia» пиёдани уриб, сўнгра «Hyundai porter» билан тўқнашгани ҳамда Наманган шаҳрида «Nexia» ва «Damas» тўқнашиши оқибатида ҳайдовчилардан бири шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Наманган шаҳрида пиёдани уриб юборган «Nexia» ҳайдовчисига жиноят иши қўзғатилгани ва Наманган шаҳрида икки «Nexia» тўқнашиши оқибатида йўловчи касалхонага ётқизилгани маълум қилинганди.