Наманган шаҳрида пиёдани уриб юборган «Nexia» ҳайдовчисига жиноят иши қўзғатилди
Наманган шаҳрида 12 октябрь куни «Nexia» русумли автомашина ҳайдовчиси йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа 12 октябрь куни соат 18:20 ларда Наманган шаҳар A.Темур кўчасида содир бўлган. Маълум қилинишича, мазкур кўчада «Nexia» русумли автомашинани йўл варақаси билан бошқариб бораётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.
Мазкур ЙТҲ оқибатида пиёда ўнг оёқ болдир суягининг ёпиқ синиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан 21 октябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Наманган туманида «Cobalt» ҳайдовчиси 4 ёшли болани уриб юборгани, Норин туманида «Nexia» дарахтга бориб урилиши оқибатида ҳайдовчи шифохонада вафот этгани хабар қилинган эди.