Самарқанддаги 10-меҳрибонлик уйи фаолиятини тугатади
Самарқанд вилоятида 10-меҳрибонлик уйи фаолияти тугатилиб, ўрнида математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилади. Бу хақда «Zarnews» хабар берди.
Маълум қилинишича, Меҳрибонлик уйларини ноинституционаллаштириш дастурига мувофиқ ҳамда интернат типидаги муассасаларда тарбияланган болаларни жамиятга ижтимоий мослашувида кўплаб муаммолар мавжудлигини инобатга олиб, 1- ва 10-меҳрибонлик уйлари мақбуллаштирилган. Дастур Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини танлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
Бугунга қадар 1- ва 10-меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган 229 нафар боланинг атиги 18 нафари чин етим бўлиб, 72 нафари ярим етим, 53 нафари ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганларнинг, 72 нафари кам таъминланган оилаларнинг, 4 нафари ногиронларнинг, 10 нафари озодликдан маҳрум этилганларнинг фарзандлари ташкил этган.
Ушбу тарбияланувчиларнинг оилавий ҳолатини яхшилаш, кунлик даромад манбаи билан таъминлаш борасида олиб борилган ишлар натижасида 10-меҳрибонлик уйидаги 113 нафар боладан 40 нафари оиласига, 12 нафари «SOS» болалар маҳалласига, 61 нафари 1-меҳрибонлик уйига кўчирилган. 1-меҳрибонлик уйидаги 116 нафар боланинг 4 нафари фарзандликка, 2 нафари васийликка, 49 нафари ўз оиласига қайтарилган.
Вилоят ҳокимининг 2020 йил 29 июлдаги қарори билан 10-меҳрибонлик уйи тугатилган. Унинг ўрнида Мирзо Улуғбек номидаги математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернатини очиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани хабар қилинган. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг VI чақириқ ХV сессиясида маълум қилган.
Аввалроқ Фарғонада ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 13 нафар бола турар жой билан таъминлангани маълум қилинганди. Шунингдек, Aндижонда 5 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчиcига яшаш уйлари топширилган.