Яширин хатар. Контрабанда ва унинг иқтисодиёт учун оқибатлари

Сўнгги бир неча йиллар давомида божхона ва ҳуқуқ-тартибот органлари тамаки маҳсулотлари контрабандаси билан курашиш тўғрисида бот-бот сўз юритмоқда. Янгилик дастурларида ўнлаб қўлга олинган жиноятчилар, чегара ҳудудларда аниқланган тунеллар тўғрисида лавҳалар намойиш этилмоқда ва минглаб сигарет қадоқлари камера қаршисида ёқиб юборилмоқда.

Божхона қўмитаси Podrobno.uz мухбирига хабар беришича, 2023 йилнинг 9 ойи ичида 222 нафар қонунбузарлик ҳолати аниқланган, салкам 85 миллиард сўм қийматдаги 4,8 миллион ҳужжатсиз сигарет қадоғини ноқонуний сотишга бўлган уринишларнинг олди олинган. Мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича Божхона идоралари томонидан 78 нафар жиноий ва 138 нафар маъмурий иш судга йўналтирилган.
Қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган йили айнан ушбу давр мобайнида божхона ходимлари тамаки маҳсулотларини чегарадан ўтказиш бўйича 271 қонунбузарлик ҳолатини аниқлаган эди. Бироқ у пайтда мусодара қилинган партиялар ҳажми бу қадар катта эмас — 1,45 миллион қадоқдан ошиқроқ эди. Яъни атиги бир йил ичида контрабанда ҳажми уч баровар ошган.

Энг кўп қонунбузарлик ҳолатлари Фарғона водийсидаги шаҳарлар, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида қайд этилмоқда. Бу ёндош мамлакатлар — Қирғизистон ва Тожикистондан — ноқонуний чегара йўналишлари бўйлаб контрабандани осонроқ олиб кириш имконияти билан боғлиқ.

Контрабанда асосан БАА, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистондан кириб келмоқда ва Milano, Mond, Zumarett, Esse, Oris, Cavallo каби сигарет маркалари ноқонуний олиб кирилмоқда.

Бу қандай хавф солиши мумкин?

Тамаки саноати мамлакатдаги энг йирик солиқ тўловчилар бешталигига киради, ушбу соҳа жами ЯИМ қийматининг деярли 2%ини ташкил этади.

«Яширин тамаки маҳсулотлар бозори давлат бюджетига катта зарар келтирмоқда», – дейди «Тамакисоз» ассоциацияси раиси ўринбосари Мухтор Ғаниев.

Тадқиқот компаниялари баҳосига кўра, тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси кетма-кет учинчи йил ошиб бормоқда. Жумладан, «Кантар» маълумотларига кўра, 2021 йилда у 4,3%дан 14,2%га кўтарилган. Ушбу ўринда, «Тамакисоз»да қайд этишларича, Тошкент давлат иқтисодиёт университети маълумотларига кўра, 2022- ва 2023 йилларда ноқонуний тамаки маҳсулотларининг бозордаги улуши тахминан 24%ни ташкил этади.

Шуни тушуниш лозимки, мазкур ноқонуний ўтказмалар давлат бюджетига на акциз, на бошқа солиқлар олиб келмайди, улар, ўз ўрнида, шифохоналар, мактаблар, йўллар ва бошқа ижтимоий инфратузилмаларнинг қурилиши ва таъмирига сарфланиши лозим.

Шубҳасиз, гап яна бир муҳим масала — истеъмолчилар саломатлиги ҳақида кетмоқда. Ўтган йили Ўзбекистонда рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси олти нафар ноқонуний сигареталар маркасини ўрганиб чиқди. Ноқонуний маҳсулот таркибини лаборатория шароитида ўрганиш натижасида тамаки тутунида никотин ва қатрон кўрсаткичларининг нормадан ошгани ва бошқа зарарли моддалар мавжудлиги аниқланди.

Контрабанда туманларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига етказадиган бевосита таъсири ҳақида ҳам унутмаслик лозим. Масалан, Фарғона водийсидаги вилоятларда контрабандачиларнинг фаолияти оқибатида ушбу ҳудуддаги ҳар иккинчи қадоқ ноқонуний сотилмоқда. Бу нафақат маҳаллий бюджетга солиқ ва йиғимлар тушумининг камайиши ва бунинг оқибатида ижтимоий инфратузилмани қуриш ва такомиллаштириш имконининг қисқаришига олиб келади, балки корхоналар ва янги иш ўринларининг яратилишига ҳам тўсқинлик қилади. Ҳолбуки, бу мамлакатнинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудуди саналади ҳамда у ҳаммадан кўпроқ инвестор ва янги иш ўринларига муҳтож.

Нима қилиш керак?

Бугунги кунда ноқонуний сигареталар бозори билан курашиш қуролларидан бири — 2021 йилда жорий этилган рақамли маркировка усули саналади. Ушбу соҳадаги яширин бозор ҳажмини ҳисобга оладиган бўлсак, тамаки компаниялари ва импортерлар ўйиннинг янги қоидаларини биринчи бўлиб қабул қилишган. Шундай қилиб, бугунги кунда ҳар бир қонуний сигарет қадоғи рақамли белгига эга ва уни сканерлаш орқали товарнинг ҳақиқийлигини текшириш мумкин.

«Маркировка тизими Давлат солиқ ва божхона қўмиталари тизими ҳамда бошқа давлат тизимлари билан интеграциялашган. Бу нафақат статистик ҳисоботни шакллантириш, балки эҳтимолий қонунбузарликлар — маркаланмаган товарлар айланмаси, қайта айланмага киритиш, чакана савдо ва нарх шакллантириш қоидаларини бузиш каби ҳолатларни аниқлаш имконини беради», — дейди ривожланиш бўйича CРПТ ТУРОН директори Фазлиддин Сайдуллаев.

«Бошқа томондан, қонунчилик ҳукумат идоралари олдида назорат чора-тадбирларини ўтказиш учун бир қатор чекловлар қўйган. Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка кўра, сайёр назорат ўтказиш учун бизнес-омбудсмен розилигини олиш ва тадбиркорни текширув ўтказилиши тўғрисида бир неча кун олдин огоҳлантириш лозим», – қайд этиб ўтди у.

Бундан ташқари, ҳозир тест режимида «Рақамли акциз» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида қоғозли акциз маркасидан воз кечиш режалаштирилмоқда. Рақамли маркировка товарлар қонунийлигини аниқлаш функциясини бажаришни бошлаган, бунда қоғозли акциз маркалардан воз кечиш ишлаб чиқарувчилар харажатларини қисқартиришга имкон беради, бу эса, ўз навбатида, якуний харидор учун нарх тушишини англатади.

«Рақамли акциз» лойиҳасини тўлиқ ишга тушириш учун бир қатор техник, ташкилий ва қонуний масалаларни ечиш лозим», – қўшиб ўтди маркировка тизими оператори вакили.

«Контрабанданинг катта қисми мамлакатга транзит баҳонасида киритилаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, ўтказувчилар зиммасига Ўзбекистон божхона бошқармаси депозит ҳисобига акциз солиғининг бутун суммасини ўтказиш вазифасини юклаш лозим, ушбу сумма сигареталар мамлакат ташқарисига чиқарилганидан сўнг қайтариб берилади. Шунингдек, акциз маркалари бўлмаган тамаки маҳсулотларининг Ўзбекистон орқали транзитини тўлиқ тақиқлаш мумкин«, – таъкидлаб ўтди Мухтор Ғаниев.

Шунингдек, тамаки ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси маълум бир сигарет маркаларининг импортини расман тўлиқ тақиқлашни таклиф қилмоқда.

Ҳукумат ушбу масалада жамиятнинг кўмагисиз битмаслигини яхши тушунади, шу сабабли рағбатлантириш тизимини ишга туширди. Чек талаб қилиш орқали харид қийматидан 1% кешбек олиш мумкин. Шунингдек, ҳуқуқбузарликни аниқлаган ва бу ҳақда солиқ идораларига хабар берган истеъмолчилар Soliq.uz мобил иловасидаги »Солиқ ҳамкори« бўлими орқали қонунбузарлик учун тўланган жарима қийматининг 20 фоиз миқдорида мукофот пули олишлари мумкин (Android, iOS).

Истеъмолчи ҳиссаси

Кўпгина мутахассисларнинг таъкидлашича, тамаки истеъмолчилари контрабандага қарши курашда муҳим роль ўйнайди. Талаб бор экан, ноқонуний савдо ҳам авж олаверади. Бу, биринчи ўринда, контрабанда маҳсулотларининг арзонлиги билан боғлиқ.

«Аммо ҳар бир истеъмолчи виждонсиз савдогарларнинг мақсади максимал фойда олиш эканлигини ёдда тутиши керак. Маҳсулот таннархини пасайтириб, улар хом ашё сифати ва ишлаб чиқариш шароитлари, сертификатлаш ва бошқа сифат назорати жараёнлари ҳақида қайғурмайдилар», – қўшиб ўтди Ғаниев.

Маҳсулот танлашда унинг нархи муҳим омил деб ҳисоблайдиган ўзбек истемолчисининг онгини ўзгартириш қийин, аммо бунинг иложи бор. Сўнгги йилларда чекишни ташлаш учун хавсизроқ никотин альтернативаларни танлаган чекувчилар сони ортиб бораётгани соғлиқнинг устувор аҳамият касб этаётганидан далолат беради.

Шунинг учун контрабанда маҳсулотларининг барча зарарларидан хабардор бўлган ҳар бир истеъмолчи ушбу муаммонинг тубдан йўқолишига ҳисса қўшиши мумкин.

Бунинг учун қандай йўл тутиш керак?

  • кўчадаги савдогарлардан эмас, фақат синалган сотувчилардан сигарет харид қилиш;
  • қадоқда маркировка кодларини излаш ва уларни махсус иловалар орқали текшириш;
  • харид пайтида чек талаб қилиш;
  • чек берилмаган, маркировка бўлмаган тақдирда қоидабузарлик тўғрисида хабар бериш.

Янгиликлар