Сенат «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Сенатининг қирқ олтинчи ялпи мажлисида «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Сенаторлар йўлнинг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган участкаларида йўл ҳаракатини ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, қонунга кўра, йўл участкаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ёки таъмирлаш бўйича ишлар бажарилаётганда йўлнинг мазкур участкаларидаги қатнов қисмининг кўпи билан 50 фоизи ўтиш учун чекланиши ёки ёпилиши мумкин. Йўл участкаларида қатнов қисмининг 50 фоизидан кўпроғини ёпиш зарур бўлган тақдирда мазкур йўл участкаларини айланиб ўтиш таъминланиши керак.

Қонун билан кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларнинг белгиланган чегараларида тўхтаб туриш жойларини қуриш тўғрисидаги қарорлар ҳудудни режалаштириш бўйича тасдиқланган ҳужжатларга мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилиниши белгиланмоқда. Бунда қурилиш ишлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Тўхтаб туриш жойларини жойлаштириш экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитга, аҳолининг соғлиғи ва осойишталигига салбий таъсирни камайтириш ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши қайд этилмоқда.

Қонун билан электр двигателда ишлайдиган транспорт воситалари учун алоҳида жойлар ажратилиши ва бундай жойларда электр қувват манбаларига уланиш имконияти яратилиши мумкинлигининг белгиланмоқда.

Шунингдек, қонунда пулли тўхтаб туриш жойларига доир талаблар, пулли тўхтаб туриш жойлари эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам алоҳида модда билан белгиланмоқда.

«Мазкур қонуннинг бугунги кундаги амалий аҳамиятини, ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ. Ҳар биримиз, ёки ҳайдовчи, ё йўловчи, ёки оддий пиёда сифатида йўл ҳаракати иштирокчиси ҳисобланамиз. Афсуски, йўл ҳаракати билан боғлиқ муаммоларга деярли ҳар куни дуч келаяпмиз.

Албатта, парламент назорати доирасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро йўл ҳаракати масаласи нафақат мамлакатимизда, балки глобал миқёсда аллақачон энг долзарб муаммолардан бирига айланган.

Йўллардаги тирбандликлар борган сари кундалик ҳолга айланиб бормоқда. Афсуски, деярли ҳар куни мудҳиш йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида хабар топаяпмиз. Энг ачинарлиси, бунда инсонлар, айниқса болалар нобуд бўляпти.

Шулардан келиб чиқсак, бу каби қонунлар заруратини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Мазкур янги Қонунда ниҳоятда муҳим нормалар, қоида ва талаблар акс эттирилган.

Соҳанинг илмийлик, очиқлик ва ошкоралик, экологик хавфсизликнинг устуворлиги каби янги принциплари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Масъул давлат органларининг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Корхона, ташкилот, муассасалар ва эътиборлиси, фуқароларнинг ҳам йўл ҳаракати соҳасидаги тадбирларни амалга оширишдаги иштироки белгилаб берилмоқда.

Муҳими, соҳада самарали жамоатчилик назорати таъминланиши назарда тутилмоқда. Умуман айтганда, йўл ҳаракати соҳаси барчамизнинг биргаликдаги ишимизга айланмоқда ва бу иш қонунни аниқ тушуниб, унга қатъий амал қилишдан бошланиши керак», дея таъкидлаган Сенат раиси Танзила Норбоева қонун муҳокамасида.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Янгиликлар