Замонавий бозор иқтисодиётига ўтишга кўмаклашиш

Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги ер ислоҳотини қандай қўллаб-қувватламоқда

Собиқ совет давлати сифатида Ўзбекистонда 1990 йиллардан бошлаб миллий ер ислоҳоти ўтказилмоқда. Муваффақиятли ер ислоҳоти мамлакат фаровонлиги ва барқарорлигида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бу, айниқса, Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоғи бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасига тегишли. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 25,1 фоизини ташкил қилади ва миллий бандликнинг 26 фоизини (3,5 миллион киши) таъминлайди. Айни пайтда Ўзбекистон умумий аҳолисининг қарийб 50 фоизи қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади.

Адриан Нил Европа Иттифоқининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат соҳасида техник ёрдами бўйича бошқарувчи мутахассиси бўлиб, 2019 йилдан буён Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайди. Унинг фикрича, ерга эгалик қилиш Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат соҳаси дуч келаётган энг асосий муаммо ҳисобланади. Бундан ташқари, у ердан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш учун давлат томонидан ўрнатилган чекловлар каби масалаларга алоҳида урғу беради.

Адриан Нил шундай дейди:

«Маъмурий, марказга асосланган режалаштириш ҳали ҳам тизимда ҳукмронлик қилмоқда. Бу қишлоқ аҳолисининг даромад олиш, даромадни ошириш ва истеъмол қилинадиган маҳсулотларни кўпроқ диверсификация қилиш мақсадида деҳқончилик қилиш имкониятларига эга бўлишига тўсқинлик қилмоқда». Бозор иқтисодиётини янада мустаҳкамлаш ерга эгалик қилишда шаффоф ҳуқуқлар бериш ва фермер сифатида тадбиркорлик қарорларини қабул қилиш эркинлигига эга бўлишдан бошланади. «Агар сиз қишлоқда истиқомат қилувчи бўлсангиз, ўз тақдирингизни назорат қила олмайсиз», дея хулоса қилади Адриан Нил.

Маҳаллий фермерларнинг билимларидан фойдаланиш Ўзбекистонда қишлоқлар фаровонлигини ошириш имкониятини беради. Шу боис Ўзбекистон ҳукумати «соҳа бошқарувида давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш»ни қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берди.

Ушбу мақола ушбу икки мақсад ва уларни амалга оширишда Европа Иттифоқи Ўзбекистонни қандай қўллаб-қувватлагани ҳақида умумий маълумот беради. Чунки, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Алишер Тўраев таъкидлаганидек: «[…] биз ҳамкор давлатларнинг ёрдами ва илғор тажрибасига таянишимиз керак. Бу амалиётларга Европада ишлаб чиқилган, ресурслардан энг барқарор ва самарали фойдаланиш мумкин бўлган амалиётлар киради».

Деҳқонларга қарор қабул қилиш ҳуқуқини қайтариб бериш

Европа Иттифоқи ер ислоҳотини қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам қонунчилик базасининг муҳимлигини эътироф этади. Европа Иттифоқи Ўзбекистонда ерга эгалик қилиш, шаффоф ер ажратиш ва самарали ер бошқарувини таъминлайдиган қонун ва қоидаларни ишлаб чиқишда ҳукуматга кўмаклашишда фаол иштирок этмоқда.

Европа Иттифоқи ўз тажрибасини баҳам кўриш ва техник ёрдам кўрсатиш орқали Ўзбекистоннинг ер бошқаруви тизимини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнамоқда. Бу, биринчи навбатда, Президент аппарати таркибига кирувчи Стратегик ислоҳотлар агентлиги назорати остида фаолият юритувчи вазирликлараро ишчи гуруҳи орқали амалга оширилди. Лойиҳада иштирок этган Европа Иттифоқининг техник маслаҳатчиларидан бири Адриан Нил жараёнга назар ташлайди:

«Ушбу ишчи гуруҳ орқали биз асосан юридик маслаҳат шаклида техник ёрдам кўрсатмоқдамиз. Биз қонунчилик базасини тўлиқ таҳлил қилдик ва Агентликка аниқ таклифлар киритдик, шундан сўнг улар Президент маъмуриятига таклиф сифатида қабул қилинди. […]. Агар бу [қонунчилик] қабул қилинса, бизда ер ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун изчил асос бўлар эди».

Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилган баъзи чора-тадбирлар қаторига давлат пахта буюртмаси тизимини бекор қилиш киради. «Uzbekistan Agri-Food Fasts & Trends 2020/2021» муаллифлари ёзганларидек, тизим «илгари мамлакатда етиштирилган барча пахтани давлатга сотишни, барча пахта етиштириладиган майдонлар бўйича йиллик ишлаб чиқариш кўрсаткичларини бажаришни талаб қиларди. Мажбурий давлат харидлари тугатилиши муносабати билан эндиликда фермерлар бозор шароити ва технологиялар мавжудлигидан келиб чиқиб, қандай ва қанча пахта етиштиришни аниқлашда кўпроқ эркинликка эришдилар».

Бу билвосита тегишли фермерларнинг иш ҳақининг кескин ошишига олиб келди. Муаллифларнинг қайд этишича, теримчиларнинг ўртача иш ҳақи икки баробарга ошган, 2017 йилдаги ўртача 450-700 сўм/кг пахтадан 2020 йилда 1000-1200 сўмга етган.

Қолаверса, амалдаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси қишлоқ хўжалиги экинлари учун ерларни тупроқ-иқлим шароити, фермерларнинг эҳтиёжлари ва кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тақсимлашни амалга оширишга қаратилган. Стратегиянинг ўзи Европа Иттифоқининг техник ёрдами билан ишлаб чиқилган.

Давлат иштирокини камайтириш, фермерлар эркинлигини ошириш ва янги хусусий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган ушбу ва бошқа чора-тадбирларнинг яна бир ажабланарли фойдаси атроф-муҳит муҳофазасининг яхшиланиши бўлди. «Oʻztoʻqimachiliksanoat» уюшмаси томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, улар аллақачон фермерлар иқлимга мос технологияларни жорий этган гектарлар сонини 2017 йилдаги нолдан 2020 йилда 200 минг гектардан ошиб кетишига олиб келган.

Адриан Нил келажакда айнан шу нарсага умид қилмоқда – янги ер ислоҳоти сиёсати манфаатдор томонларга «ерни қадрлаш, ерларни тақсимлаш ва энг муҳими, ердан барқарор фойдаланишни назорат қилишнинг янада шаффоф усуллари ҳақида гапиришни бошлаш» имконини беради.

Инвестицион жозибадорликни ошириш

Европа Иттифоқи техник ёрдам кўрсатиш билан бир қаторда Хорижий инвесторлар кенгашини ташкил этишни ҳам қўллаб-қувватлади. Кенгашнинг мақсади Ўзбекистонда қулай, дискриминациясиз, шаффоф ва конструктив ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантиришдан иборат. Бу Ўзбекистоннинг давлат органлари ва мамлакатда фаолият юритаётган халқаро молия институтлари, хорижий компаниялар ва банклар вакиллари ўртасида очиқ ва конструктив мулоқот ўтказиш орқали инвестицияларни жалб этишга ёрдам бериши керак.

Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Инвестициялар бошқармаси Европа Иттифоқининг техник кўмагида потенциал халқаро инвесторларга мўлжалланган қишлоқ хўжалигига инвестиция қўлланмасини тайёрлади ва нашр этди.

Ниҳоят, Европа Иттифоқининг Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва соҳа билимларини ошириш (АСК) дастури раҳбари Адриан Нилнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг кўмаги «янги технологиялар бўйича потенциал инвесторлар ўртасида кўприк ўрнатиш ва турли хил қўллаб-қувватлаш схемалари ва техник ёрдам орқали [қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат] соҳасини модернизация қилиш имкониятларига эътибор қаратган».

Биргаликда ўсиш – #GrowingTogether

Ер ислоҳоти мураккаб жараён бўлиб, кенг кўламли сиёсий ислоҳотларни ўз ичига олган кўп қиррали ёндашувни талаб қилади. Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг ер ислоҳотига оид саъй-ҳаракатларини техник ёрдам, молиявий кўмак ва билимларни баҳам кўриш орқали қўллаб-қувватлашда биринчи ўринда туради. Европа Иттифоқи ўзининг кенг қамровли ёндашуви ва кўп йиллик тажрибаси орқали Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга доимий ҳисса қўшиб келмоқда ва бунда ер ислоҳоти масалалари муҳим ўрин тутади.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Янгиликлар