ДХА коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро сертификатни қўлга киритди

Давлат хизматлари агентлиги тизимида СЕRT International компанияси мутахассислари томонидан 2 босқичдан иборат аудит текширувлари ўтказилиб, ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими» халқаро стандарти бўйича сертификатга эга бўлди. Бу ҳақда агентликнинг матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ушбу сертификат агентлик томонидан давлат хизматларини жорий этиш ва ривожлантириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишни амалга оширишда, шу жумладан:

  • давлат хизматлари марказлари фаолияти устидан назорат қилиш;
  • давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат органлари фаолиятини назорат қилиш;
  • халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлардан хайрия эҳсонлари ва ҳомийлик маблағларини олиш ва сарфлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бадаллари, шунингдек, грантларни қабул қилиш ва сарфлаш;
  • Давлат хизматлари марказлари биноларини инвестор маблағлари ҳисобидан қурилишини ташкил этиш йўналишларини қамраб олади.

Давлат хизматлари агентлигида коррупцияга қарши курашиш комплакс тизими 2019 йил якунидан эътиборан жорий этила бошланган. Хусусан, KPMG халқаро компанияси томонидан 2019 йил ноябрь-декабрь ойларида Агентлик тизимида мавжуд коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш ишлари амалга оширилган. Натижада, 2020 йил 20 февралда «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигида коррупцияга қарши тизимнинг мақсадли кўрсаткичига эришиш» бўйича Йўл харитаси тасдиқланган.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмат

Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури ҳамда KPMG компанияси мутахассисларининг кўмагида Давлат хизматлари агентлиги тизимида қуйидаги ҳужжатлар тасдиқланди:

  • Давлат хизматлари агентлигида коррупцияга қарши курашишнинг асосий йўналишлари;
  • Давлат хизматлари агентлиги ходимларининг расмий хулқ-атвор ва одоб-аҳлоқ нормалари тўғрисидаги қўшимча низом;
  • Агентликда манфаатлар тўқнашувини бошқариш тартиби;
  • Агентлик тизимига алоқа каналлари орқали келиб тушадиган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби.

Агентлик директори томонидан тасдиқланган «Давлат хизматлари агентлигининг алоқа каналларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш регламенти»га мувофиқ коррупцияга алоқадор мурожаатларни:

  • 1148 рақамли «ишонч телефони»га;
  • Адлия вазирлигининг @anticorbot Telegram канали ёки Агентликнинг @davxizmataloqa_bot Telegram каналига;
  • Агентликнинг Facebookдаги саҳифаси орқали;
  • Электрон почта орқали ([email protected], [email protected] );
  • Бевосита Давлат хизматлари агентлиги директорига;
  • Давлат хизматлари агентлигининг умумий телефон рақами ёки Агентлик веб-сайтида кўрсатилган бўлимлар/ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг телефонлари орқали;
  • Давлат хизматлари агентлиги марказий аппарати ёки ҳудудий бошқармалар девонхонаси орқали қабул қилиш йўлга қўйилган.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмат

Шунингдек, хабарда агентликда коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул ходим белгилангани ва агентликнинг расмий веб сайтида коррупцияга қарши курашиш бўлими ташкил этилгани маълум қилинган. Бундан ташқари, коорупцияга қарши курашиш, уни олдини олиш ҳамда манфаатлар тўқнашувини бошқариш мавзуларида KPMG мутахассислари томонидан вебинар ва тренинглар ўтказиб, ходимларнинг соҳага оид билимлари мустаҳкамлаб борилмоқда.

Фуқароларнинг давлат хизматлари марказлари фаолиятида коррупцияга даҳлдор мурожаатларини тўғридан-тўғри Агентликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларига етиб боришини таъминлаш мақсадида, коррупцияга қарши курашиш бўйича «тўғридан-тўғри алоқа қутилари» ўрнатилди. Давлат хизматлари марказларида фуқароларнинг навбатини бошқаришнинг шаффоф тизимини шакллантириш мақсадида «QUMATIC» электрон навбат тизими жорий этилди. Ҳозирда фуқаролар марказларнинг биносига бормасдан туриб ҳам электрон навбат олиш имкониятига эга. Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги биносида ситуацион марказ ўрнатилган. Бу орқали, барча ҳудудларимизда мавжуд давлат хизматлари марказларини онлайн назорат қилиш имконияти яратилди. Бу эса ўз навбатида давлат хизматларини ўз вақтида тезкор ва шаффоф кўрсатилишига хизмат қилади.

Аввалроқ ДХА 2020 йилда энг кўп қайси вилоят коммунал ташкилотларида қонун бузилиши аниқланганини ва Давлат хизматлари марказлари орқали «бола пули» берилиши тўғрисидаги хабарга ойдинлик киритилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар