Самарқандда икки қишлоқ аҳолиси ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди

Самарқанд вилоятида икки қишлоқ аҳолиси муштлашди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.

Хабарга кўра, 25 апрель куни соат 19:00 ларда 51 ёшли М.Б. бошқарувидаги «Lacetti» русумли автомашинасини Пастдарғом тумани Ровот-Боғонали қишлоғи йўналиши бўйлаб бошқариб, Ровот қишлоғининг ички йўлига қайрилаётган вақтида, унинг орқа томонидан ҳаракатланиб келаётган «Lacetti» русумли автомашина ҳайдовчиси 22 ёшли А.М. ва унинг йўловчилари 36 ёшли Р.У., 24 ёшли А.Т., 18 ёшли А.Ф. ҳайдовчи М.Б.га автомашинани нотўғри бошқариб, уларни автомашинасини қисиб юборганлигини айтиб, ҳақорат қилганликлари оқибатида Ровот ва Боғонали қишлоғида яшовчи жами 17 нафар фуқаролар ўрталарида жанжал келиб чиқиб, бир-бирларини уриб дўппослаганлар.

Таъкидланишича, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ушбу жанжалда фаол иштирок этган 17 нафар фуқаролардан 15 нафари турли кўринишдаги тан жароҳатлари олганликлари ва улардан 3 нафари аёл киши эканлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, тергов ҳаракатлари давомида ушбу жанжалнинг келиб чиқиш сабаблари, айбланувчилар доираси аниқланиб ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Янгиликлар