Ўзбекистонда 5 та ОТМ кириш имтиҳонларини мустақил ўтказади
Вазирлар Маҳкамасининг 27 октябрда қабул қилинган қарорига мувофиқ 2021 йил 1 мартга қадар трансформация қилиш учун 5 та ОТМ очиқ танлов асосида саралаб олинади. Бу ҳақда «Huquqiy axborot» Telegram канали хабар берди.
Унга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан тажриба-синов тариқасида трансформация қилинадиган олий таълим муассасаларида:
- бакалавриат ва магистратура учун тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари уларнинг ўзлари томонидан белгиланади;
- бакалавриатга кириш имтиҳонлари мустақил ўтказилади;
- таълим жараёнига ҳамкор сифатида бириктирилган нуфузли хорижий ОТМ профессор-ўқитувчилари жалб қилинади.
Аввалроқ Ўзбекистонда ҳарбий тавсияномаси тасдиқланмай қолган абитуриентларнинг 128 нафари грант асосида талаба бўлгани ҳақида хабар берилганди.