Попда ички ишлар ходими ерни ноқонуний эгаллаб олган эркакка тан жароҳати етказди (видео)

Наманган вилояти Поп туманида ички ишлар ходими 27 октябрь куни ерни ноқонуний эгаллаб олган эркакка жароҳат етказди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Поп тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори 2020 йилнинг 27 октябрь куни соат 14:00 ларда «Қўшминор» МФЙда яшовчи 1972 йилда туғилган аёлга туман ҳокимлиги томонидан тадбиркорлик қилиш учун ажратилган ерда ўрганиш олиб борган. Ер майдонида «Қўшминор» МФЙ раиси ҳамда туман ер кадастр бўлим мутахассислари билан биргаликда аёл аризаси юзасидан ўрганиш амалга оширилган. Натижада «Ғурумсарой» МФЙда яшовчи 1982 йилда туғилган фуқаро ўзбошимчалик билан ҳеч кимдан сўрамай, ерни эгаллаб олгани аниқланган.

Шу билан бирга, фуқаро техникаларни ер ичига олиб кириб ишлатаётганлиги маълум бўлган. Фуқарога бу ҳаракатлари қонунга тўғри келмаслигини, низоли ҳолатни олдини олиш мақсадида фаоллар томонидан далолатнома тузиб, вақтинча қурилиш техникаларини тўхтатиб туриш тушунтирилганда фуқаро кўпчилик олдида аризачи аёлни уятли сўзлар билан сўкиб, ҳақорат қилиб, камситган.

Шундан сўнг фуқарони тинчлантириш учун ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўлими профилактика инспектори томонидан тартибга чақирилган вақтида фуқаро ИИБ ходимига ҳам фаол қаршилик кўрсатиб, унинг талабларига бўйсунмаган. Фуқарони яқин ИИО таянч пунктига олиб бориш мақсадида чап қўл билак соҳасига қўл кишани солиниб олиб кетилаётганда фуқаро уни шифохонага олиб боришларини сўраган.

Сўнг фуқаро Поп туман тиббиёт бирлашмасига олиб келиниб, тиббий кўрикдан ўтказилган ва содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилган. Фуқаро Поп туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилиб, Поп туман ИИБ 7-сон ХПГ ТП катта инспектори томонидан унга нисбатан тан жарохати етказганлигини баён қилган.

Суд-тиббий экспертизаси Поп тумани бўлимининг 2020 йил 27 октябрдаги дастлабки маълумотномасида эса фуқаронинг жароҳати чап билак юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ва шилинган жароҳатлар аниқланганлиги кўрсатилган. Ушбу ҳолат бўйича туман прокуратурасига хабар берилиб, ҳозирда прокуратура томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ Учқўрғонда ИИБ ходимлари ҳайдовчига куч билан тиббий ниқоб тақтирмоқчи бўлди. Хоразмда эса ҳоким ўринбосари ва ИИБ ходимининг ноқонуний ов қилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилганди.

Янгиликлар